Бугун 12 январь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

ЎзТМК илмий-инновацион тадқиқотлар соҳасида янги саҳифа очмоқда

ЎзТМК  илмий-инновацион тадқиқотлар соҳасида янги саҳифа очмоқда

Ўзбекистоннинг тоғ-кон ва металлургия саноатида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришда янги давр бошланмоқда. Хусусан, 2024-йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон технологик металлар комбинати дунёдаги энг нуфузли университетлардан бири АҚШнинг Колорадо конлар мактаби билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Икки ташкилот вакиллари ўртасида ўтказилган ҳамкорлик учрашувида соҳада инновацион лойиҳалар ва таълим дастурларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.

Икки томонлама таълим тизимининг афзалликлари

Колорадо конлар мактаби билан ҳамкорликни амалга ошириш орқали қўшма ўқув режалар ишлаб чиқилиб, мутахассисларни тайёрлаш учун мослаштирилган дастурларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун халқаро тажриба орттириш имкониятлари яратилиб, йилига 10 дан ортиқ талаба ва мутахассислар Колорадо конлар мактабида амалиёт ўтаб, илғор тажрибаларни ўрганиш имконига эга бўлишади. Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик сабабли, ёш мутахассисларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, технологик инновацияларга йўналтирилган лабораторияларни ташкил этиш ва уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, мамлакатимизнинг иқтидорли талабалари учун Колорадо конлар мактабида ўқишга мўлжалланган махсус стипендия дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари учун халқаро грантлар ажратиш муҳим вазифалар сифатида қаралмоқда.

Технологик металлар олий мактаби ташкил этилади

Ўзбекистон технологик металлар комбинати Колорадо конлар мактаби билан ҳамкорликда Технологик металлар олий мактабини ҳам ташкил этишни режалаштирган бўлиб, унда таълим ва тадқиқот жараёнлари халқаро стандартлар асосида, замонавий талабларга мос равишда йўлга қўйилади. Бу таълим муассасаси инновацион ёндашувлар ва илғор технологиялар орқали юқори малакали мутахассислар тайёрлашни мақсад қилган. Йиллик битирувчилар сони 50-70 нафарни ташкил этиб, улар нафақат миллий, балки халқаро бозорда ҳам талабгир бўлган, юқори савиядаги кадрлар сифатида фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, Технологик металлар олий мактаби доирасида соҳа мутахассислари учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади. Ушбу курслар орқали эса кадрлар соҳанинг энг янги тенденциялари ва ишлаб чиқариш технологиялари билан танишиб, ўз профессионал даражаларини ошириш имкониятига эга бўладилар. Халқаро стандартларга мос таълим дастурлари мутахассисларга нафақат назарий билимларни, балки амалиётда қўллаш учун зарур бўлган кўникмаларни ҳам тақдим этади. Бу эса уларнинг касбий малакасини юқори босқичга кўтариб, дунё миқёсида рақобатбардош кадрлар сифатида етишиб чиқишларига ёрдам беради. Шу тариқа, ушбу мактаб металлургия соҳасидаги барқарор ривожланиш ва профессионал кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

Колорадо Конлар Мактаби вакили Кадри Дэгдилен:

  • Табиий ресурсларга, айниқса, замонавий ҳаёт даражасини таъминлаш ва инновацион технологияларни ривожлантириш учун зарур бўлган технологик металларга бўлган талаб йилданйилга ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг табиий ресурс салоҳияти, жумладан, технологик металларнинг бой захиралари жаҳон иқтисодиётида муҳим ўрин тутиб, мамлакатни бу соҳада етакчи иштирокчилардан бирига айлантириши мумкин. Бу жараёнда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” нинг роли алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб, у замонавий технологияларни жорий этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган стратегик мақсадларни олдига қўйган шижоатли компания. Aлбатта, комбинат етакчи халқаро институтлар ва компаниялар билан фаол ҳамкорлик қилишга интилмоқда, бу эса технологик ривожланиш ва билим алмашинуви учун мустаҳкам замин яратади. Мен ушбу ташаббусларни чин дилдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг юксак интилишларига ҳисса қўшиш мақсадида бу ерга келдим. Комбинатнинг саъй-ҳаракатлари ва инновацион ёндашувлари, шубҳасиз, эътирофга лойиқ бўлиб, келгусида бу ҳамкорликнинг ижобий натижалари бутун дунё миқёсида ўз аксини топади. Бу нафақат Ўзбекистон иқтисодиёти, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.

ЎзТМК ташаббуси билан Колорадо конлар мактаби вакили мамлакатимизнинг бир қатор етакчи университетлари, хусусан, Тошкентдаги Марказий Осиё университети ҳамда Тошкент давлат техника университетида ҳам бўлиб, профессор-ўқитувчилар учун илмий учрашувларда иштирок этди. Ушбу тадбирлар давомида университетларнинг илмий ходимлари халқаро тажриба ва инновацион ёндашувлар билан танишиш, соҳага доир илғор методикаларни ўрганиш имкониятига эга бўлишди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон технологик металлар комбинати ва Колорадо конлар мактаби ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатимизнинг илмий-инновацион тадқиқотлар соҳасидаги етакчи мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Киритилди: Бугун 02:41. Ўқилди: 228 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!