Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Ҳўрмуз бўғози барча давлатлар, жумладан АҚШ кемалари учун ҳам очиқ эканини маълум қилди.
Бу ҳақда Эрон ТИВ раҳбари ўринбосари Саид Хатибзаде Британиянинг ITV телеканалига берган интервьюсида айтди. Унинг сўзларига кўра, хавфсиз ўтиш учун кемалар Эрон ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилган навигациядан фойдаланиши лозим.
«Ҳар бир кема бўғоздан хавфсиз ўтиши учун зарур эҳтиёт чораларини Эрон расмийлари билан келишиб олиши керак», — деди Хатибзаде.
Унинг таъкидлашича, бу чоралар АҚШ ва Исроил ҳужумларидан сўнг кўрилган ҳарбий тадбирлар, жумладан миналар жойлаштирилиши билан боғлиқ. «Уларни олиб ташлаш учун вақт керак», — деди у. Шу вақтга қадар Эрон хавфсиз ҳаракатланиш учун махсус хариталар ва йўналишлар тақдим этишга тайёрлигини билдирган.
Хатибзадега кўра, рухсат барча давлатлар кемаларига тегишли бўлиб, «душманона ҳаракатлар» кузатилмаган тақдирда чеклов қўйилмайди. У ҳозирча бундай аломатлар йўқлигини ҳам қўшимча қилди.