Сўнгги пайтларда ўтирган ҳолда ишлашга қарши курашиш учун турли хил мосламалар ишлаб чиқилмоқда, жумладан, офислар тик туриб ишлашга мўлжалланган баланд столлар билан жиҳозланмоқда. Бундай ишлаш стол атрофида ўтиришга қараганда фойдали деб ҳисобланади.
Австралиялик олимлар тадқиқот ўтказиб, кутилмаган хулосага келди. Маълум бўлишича, шунча вақт тик туриб ишлаш, ўтиришдан кўра фойдалироқ эмас, баъзи ҳолларда ҳатто зарарли ҳам.
Вертикал ҳолатда жуда узоқ вақт бўлиш потенциал ўлимга олиб келадиган касалликларнинг ривожланиш хавфини оширади, деб тушунтирди мутахассислар.
Тадқиқот давомида олимлар 83 мингдан ортиқ британиялик катта ёшли кишиларнинг юрак ва қон айланиш тизими фаолияти тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилди, иштирокчиларнинг ўртача ёши 61 ни ташкил этди. Уларнинг фаоллиги кун давомида билакларига тақиб юрадиган мосламалар ёрдамида кузатиб борилди.
Тадқиқот муаллифлари анча вақт тик турган ҳолатда бўлиш узоқ муддатли истиқболда юрак-қон томир тизими саломатлигини яхшиламаслигини, аксинча қон айланиши билан боғлиқ муаммолар хавфини оширишини аниқлади.
Бунда ҳар куни икки соат давомида тик туриш қон айланиши билан боғлиқ муаммолар эҳтимолини деярли оширмаган. Бироқ кейинги ҳар ярим соатда бу хавф 11 фоизга кўтарила бошлаган. Аксинча, 6-10 соат ўтирган одамларда қон айланиши билан боғлиқ муаммолар юзага келиш хавфи бироз камайган. “Ўн соат”дан ортиқ ўтирилган ҳар бир қўшимча соат эса қон айланиши билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиш эҳтимолини 26 фоизга оширган.
Шунингдек, 12 соатдан ортиқ ҳаракатсиз ҳолатда бўлиш юрак қон-томир касалликлари хавфини соатига 13 фоизга кўпайтирди.