Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолият самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари

Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолият самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари

Маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятига аъзо давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ўзига хос тарзда мустаҳкамлаш имконига эга бўлди. Давлатимизнинг ташқи сиёсий стратегиясида хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар билан икки ва кўп томонлама ташқи сиёсат олиб бориш барқарорлик ва ривожланиш омили сифатида қаралди. Шу боис, Ўзбекистон хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш билан бирга, кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг аъзоси бўлди.

Шу ўринда, Ўзбекистон учун Евроосиёда ўзининг муносиб ўрнини топиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этди. Куни кеча, яъни 15 июнь куни ташкил этилганлигининг 20 йиллигини муносиб нишонлаган мазкур ташкилот бугунги кунда халқаро майдонда тўлақонли ва нуфузли халқаро ташкилот сифатида ўзини намоён қила олди. ШҲТ Осиёнинг Ҳиндистон ва Покистон каби йирик давлатлари ҳисобидан кенгайиши натижасида дунёнинг энг йирик минтақавий ташкилотга айланди. Бугунги кунда у дунё аҳолисининг қарийб ярмига (3 млрд. кишидан зиёд) ва Евроосиё ҳудудининг 60 %дан кўпроғига тўғри келадиган маконни ўз ичига қамраб олган.

Бугунги кунга келиб, ШҲТнинг тобора юксалиб бораётган мавқеини бир қатор омиллар билан боғлаш мумкин:

- хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташкилотнинг бош мақсади ва муҳим тамойилларидан бири бўлиб, у бугунги кунда ўз аҳамиятига кўра инсоният олдида турган долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда;

- ШҲТ ташкилот сифатида ўзини аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқли бирлашмаси сифатида намоён қилган бўлиб, унинг фаолияти бошқа давлатларнинг манфаатларига зид эмаслиги ҳамда блокли қарама-қаршилик хусусиятига эга эмаслиги билан ажралиб туради;

- ташкилот доирасида аъзо давлатлар учун ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кенг аҳамиятга эга бўлган кўп қиррали ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси шакллантирилмоқда.

Ташкилотнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, диний экстремизм, терроризм, сеператизм, наркобизнес каби тахдидларга қарши курашда Тошкент шаҳрида жойлашган ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) фаолияти мисол бўла олади. Тузилманинг айнан пойтахтимизда ташкил этилгани, Ўзбекистонни ШҲТнинг фаол аъзосига айлангани ва унинг олдига қўйган мақсадини амалга оширишда етакчи давлатлардан бири сифатида майдонга чиқаётганидан далолат беради.

Бугунги кунга келиб, ШҲТ фаолияти ривожида янги босқичга кўтарилганини кўриш мумкин. Савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин пасайиши, ишлаб чиқаришнинг қисқариши, ишсизлик сонининг ортишига сабаб бўлган пандемия давлатимизнинг тараққиёт динамикасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашиб, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучаймоқда. Мавжуд муаммоларни яхши қўшничилик, тенглик, ўзаро ишонч ва манфаатлар ҳамоҳанглигини таъминлаш орқали бартараф этиш мумкин.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида нутқ сўзлаган чоғида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, давлат раҳбаримиз яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, “Умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси – “Шанхай руҳи”ни мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим” эканини эътироф этган.

Ўзбекистон Республикаси позициясига кўра, бугунги кунда ШҲТ олдида бир қатор ечимини кутаётган вазифалар мавжуд. Улар орасида иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш алоҳида эътиборга молик масала сифатида кун тартибидан ўрин эгаллайди. Зеро, шу йўл билан савдо-иқтиодий муносабатларни мустаҳкамлашга эришиш ва мавжуд вазиятда давлатларнинг фаровон тараққиётига эришиш мумкин. Бунда, ўзаро савдо муносабатларидаги мавжуд тўсиқларни батрараф этиш, божхона фаолиятини мувофиқлаштириш ва рақамлаштириш, давлатлараро электрон тижоратни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришга йўналтирилган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

Жаҳон ҳамжамиятини ларзага солган пандемия шароитида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга бўлган эҳтиёж янада ортди. Шу муносабат билан, ШҲТ доирасида аҳоли орасида компьютер саводхонлигини ошириш ҳамда мазкур соҳада етакчи мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш долзарб аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси томонидан мавжуд шароитдан келиб чиқиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва қашшоқликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириб бориш таклифи илгари сурилмоқда. Мавжуд муаммони бартараф этиш самарадорлигини ошириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг муттасил учрашувларини ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқ. Шу мақсадда, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик дастури ва уларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси томонидан (Остона, Циндао ва Бишкек саммитлари каби олий даражадаги учрашувлар доираси)да ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш борасида бир қатор самарали саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг ташкилот доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, логистика ва инновациялар каби соҳалардаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада олиб борилаётган сиёсат натижасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бунга, Тошкентда ШҲТнинг Халқаро дипломатия марказининг ташкил этилганлиги, Самарқанд шаҳрида "Ипак йўли" халқаро туризм университетининг ташкил этилиши, ШҲТга аъзо давлатларнинг илмий тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида амалий тадбирлар режасининг қабул қилинганлиги ҳамда ШҲТга аъзо давлатларнинг рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик концепцияси қабул қилинганлиги билан боғлиқ саъй-ҳаракатларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Айни пайтда, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг 2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитига тайёргарлик кўриш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг илдам ривожига салмоқли ҳиссасини қўшган ҳолда, унинг ташкил этилишига тамал тошини қўйган давлатлардан биридир. Жаҳонда юз бераётган таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз олди ўз олдига ШҲТ фаолиятини янги мазмун-моҳият билан бойитиш, хусусан транспорт-транзит йўлакларини яратиш, инновацион ва рақамли тараққиёт, иқтисодий ўсишнинг янги йўналишларини белгилаш, иқлим ўзгаришлари ва экологик хавф-хатарларга қарши кураш борасидаги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш каби вазифаларни қўйган бўлиб, уларнинг амалий натижаси ташкилотнинг келгуси мавқеини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Д.И.Мадаминова, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг “Шарқ мамлакатлари сиёсати ва халқаро муносабатлар” кафедраси мудири, с.ф.н., доц.

Киритилди: 11:00 27.07.2021. Ўқилди: 2092 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!