Бугун 5 май, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси (қароргоҳи Қоҳира шаҳрида) Мансурбек Қиличев Жазоир ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

Қисқа маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазир Аҳмад Аттаф Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий алоқаларни юқори баҳолаб, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муносабатларни чуқурлаштириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Аҳмад Аттаф ҳозирги вақтда ўзаро савдо ҳажми томонлар салоҳиятидан анча паст эканини қайд этиб, тоғ-кон саноати ва геология, фармацевтика ҳамда тўқимачилик саноати каби тармоқларда улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Вазир аҳолиси 50 миллион кишилик Жазоирда Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари маҳсулотлари ишлаб чиқаришини йўлга қўйиб, кейинчалик уларни улкан Африка қитъасига божсиз экспорт қилиш имконияти борлигини маълум қилди. Шунингдек, у мамлакат иқтисодий зоналарида савдо уйлари, омборхоналар ва кўргазма залларини (шоу-румлар) ташкил этиш, ишбилармонлар кенгашини шакллантириш ҳамда ҳукуматлараро комиссия фаолиятини йўлга қўйишни таклиф этди.

Таълим, тиббиёт ва парламентлараро ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вазир Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришлар, шунингдек, мамлакатнинг изчил тараққиётидан яхши хабардор эканини билдирди.

Суҳбат якунида Аҳмад Аттаф Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг Жазоирга ташрифини интиқлик билан кутаётганини қайд этиб, ҳамкасбига ўзининг самимий саломларини етказишни сўради. Бундан ташқари, у Ўзбекистон элчисининг Жазоирдаги фаолиятини самарали юритиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш ва амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 47 ёшли элчи Мансурбек Қиличев Тошкент давлат шарқшунослик университети битирувчиси. У 2002 йилдан буён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаб, турли дипломатик лавозимларда, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида — Саудия Арабистонидаги элчихонаси ва Дубайдаги Бош консулхонасида фаолият юритган. Мансурбек Қиличев 2021 йил октябрь ойидан буён Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Киритилди: Бугун 20:14. Ўқилди: 174 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!