Жамоатчилик фикри – аҳолининг умумий манфаатлари ифодасидир. Бугун фуқароларимиз мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни кузатиш, танқид қилиш билан чекланмаяпти, балки бевосита ўзи ҳам қатнашаяпти, таклифлар киритаяпти. Президент таъбири айтганда, «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори»га айланаяпти.
Жамоатчилик фикри аниқ натижаларга ҳам эришмоқда. Тошкент пропискаси, автомобиль ойналарини қорайтириш («тонировка»), мактаб формаси, экологик муаммолар, аёлларга нисбатан зўравонлик каби масалаларда жамоатчилик фикри ғалаба қозонганини кўрдик. Бунда ОАВ, медиа маконнинг ўрни катта. Журналист ва блогерлар, мустақил экспертлар сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий, жамиятдаги долзарб мавзуларни очиқ муҳокама қилиши учун янги-янги «майдон»лар ташкил этилмоқда. Натижада турли муаммо ва чақириқларга эътиборни қаратувчи, конструктив танқидий фикр билдирувчи, ечим излашга ундайдиган жамоатчилик фикри етакчилари етишиб чиқди.
«Юксалиш» ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари кўмагида Ўзбекистоннинг жамоатчилик фикри етакчилари Топ-40 рейтингини тузди.
Рейтингга мамлакат ахборот маконида фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга, миллий контент яратишга ҳиссасини қўшиб келаётган журналистлар, блогерлар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилару сиёсатчилар ва бошқа жамоатчилик фаоллари киритилди.
Рўйхат қандай шакллантирилди?
Биринчи босқичда давлат идоралари, сиёсий ва илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида онлайн сўров ўтказилди. Респондентлар орасида вазирликлар, миллий ва хорижий ахборот агентликлари, радио ва телеканаллар ходимлари, интернет-нашрлар муҳаррирлари ҳамда сиёсатшунослар, турли соҳа мутахассислари, блогерлар бор эди.
Сўровнома иштирокчилари қуйидаги жиҳатлардан келиб чиқиб, жамоатчилик фикрини шакллантираётган бештадан номзод таклиф қилди:
- Жамоатчилик орасида, ОАВда, ижтимоий тармоқларда фаоллиги ва таниқлилиги;
- Долзарб мавзуларни омма эътиборига кўтариб чиқиши, муҳокама қилиши ва ечим таклиф қилиши;
- Жамият ривожига ҳисса қўшиши, ижобий ўзгаришлар ташаббускори бўлиши;
- Жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, уларнинг ишончини қозонганлиги.
Иккинчи босқичда таклиф қилинган номзодлар экспертлар томонидан таҳлил қилинди. Уларнинг фикрларидан иқтибос олинганлик индекси, материалларининг қамрови ва изоҳлар сони, миллий ва хорижий ОАВларда тилга олиниши баҳоланди. Номзодларнинг мутахассислиги, йўналиши бўйича билим даражасига, тажрибасига ҳам таянилди.
Топ-40 таликка киритилганларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари обуначилари сони 20 миллиондан зиёд (уникал фойдаланувчилар 7-7,5 миллион), эълон қилган материалларининг ойлик қамрови 45 миллиондан ошади.
Рейтингга киритилган номзодлар алифбо тартибида берилган.
Жамоатчилик фикри етакчилари:
Абдукарим Мирзаев – журналист, режиссёр. Ўз вақтида радиоканалларда «Дилкаш», «Учинчи одам», «Дастхат» каби, телеканалларда эса «Еттинчи қадам», «Йўлдаги одам» каби лойиҳалари кенг оммалашган. Уларда, асосан, инсонлар ҳаётида, жамиятда учрайдиган ижтимоий масалалар олиб чиқилган. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маънавий-ахлоқий, тарбиявий, фалсафий мазмундаги чиқишлари билан катта аудиторияга эга.
Абдураҳмон Ташанов – «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси. Ўзбекистондаги фаол ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, инсон ҳуқуқлари, қамоқхоналардаги вазият билан боғлиқ бир қатор муҳим масалаларга эътибор қаратади. Ижтимоий тармоқларда фаол. Унинг ёзганлари йирик интернет-нашрларида қайта чоп этилади, фикрларидан иқтибос келтирилади, маълум бир мавзуларда тез-тез интервьюларга чақирилади.