2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 251,6 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Шундан 143,2 миллиони экспорт, 108,4 миллиони импорт маҳсулотлари улушига тўғри келади. 2018 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига кўра, ушбу рақамлар 146 миллион АҚШ долларидан ортди. Шундан 90,4 миллиони экспорт, 55,7 миллиони эса импорт улушига тўғри келади.
Ўзбекистонда франциялик инвесторлар иштирокидаги 16 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Шундан иккитаси 100 фоиз Франция капитали асосида ташкил қилинган.
Ўзбекистон билан Франция ўртасида савдо соҳасида имкон қадар қулайлик яратиш режими амал қилади.
2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қатор соҳа вакилларидан иборат Франция делегацияси Ўзбекистонда бўлди. Улар орасида дунёга машҳур “Airbus”, “Thales”, “Eca group”, “IDEMIA”, “BOUYGUES Batiment International”, “Olmix”, “SNF” компаниялари вакиллари ҳам бор.
2018 йил 20 июлида Парижда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш доирасида Франция компаниялари мутасаддилари билан 40 дан зиёд учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Бугунги кунда савдо ҳажмини янада ошириш, Ўзбекистон ва Франция бозорларига юқори сифатли маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш, товар айирбошлашдаги барқарор ўсиш суръатига эришиш иқтисодий ҳамкорлик соҳасида муҳим характерга эга. Шу мақсадда фармацевтика, нефть-кимё, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Manba: ЎзА