Ўзбекистон футболининг иқтидорли ёшлари халқаро майдонда ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлмоқда. “Пахтакор” клуби ҳужумчиси Саидумархон Саиднуруллаев ҳамда “Сурхон” сафида тўп сурувчи икки ёш футболчи — Беҳруз Каримов ва Беҳруз Шукуруллаев Англиянинг машҳур “Куинз Парк Рейнжерс” (КПР) клубида кўрикдан ўтиш учун Лондонга йўл олишди.
Тошкент-Истанбул орқали Лондонга йўл олган бу учлик футболчи икки ҳафта мобайнида КПР йиғинида иштирок этади.
Бу жамоа 1882 йилда ташкил топган бўлиб, Англия Чемпионшипида (АПЛдан пастки дивизион) иштирок этади. Жамоа ўз учрашувларини “Лофтус Роуд” стадионида ўтказади. Мутахассислар раҳбарлигидаги ушбу йиғин ёш футболчиларнинг келажакдаги профессионал фаолияти учун катта имконият бўлиши мумкин.
Саиднуруллаев 2005 йилда туғилган бўлиб, “Пахтакор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У бу мавсум Ўзбекистон кубогида 1 та ўйинда иштирок этиб, 2 та гол урди ва 1 та ассист қайд этди. Унинг майдондаги ҳаракатлари кўплаб мутахассисларнинг эътиборини тортган.
Беҳруз Шукуруллаев эса 2006 йилда туғилган чап қанот футболчиси бўлиб, “Одил Аҳмедов” академиясида тажриба орттирган. У “Сурхон” сафида 4 учрашувда майдонга тушган.
Каримов 2007 йилда туғилган, ўнг қанот ҳимоячиси. У ҳам “Одил Аҳмедов” академиясининг тарбияланувчиси ва жорий мавсумда 6 та ўйинда қатнашган.
Ушбу уч футболчи “Football Group” агентлиги орқали Лондон сафарини амалга оширмоқда. Мазкур агентлик нафақат ёшларни, балки Абдуқодир Ҳусанов каби етакчи футболчиларни ҳам халқаро майдонда ҳимоя қилиб келмоқда.