2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга олиб кирилган мобил телефонлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 273 мингтага камайди. Бу тенденция расмий импорт ҳажмида пасайиш ва ноқонуний олиб кириш уринишлари кўпайиши билан боғланмоқда.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистонга 194,4 миллион долларлик 1,87 миллион дона телефон импорт қилинди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврида қайд этилган 200,9 миллион долларлик 2,15 миллион телефондан анча камдир.
Шу билан бирга, 2023 йилнинг биринчи ярмида ҳам айнан 1,87 миллион дона телефон мамлакатга олиб кирилган, лекин уларнинг умумий қиймати 129,6 миллион долларни ташкил этган. Бу нарх даражасидаги ўсишни акс эттиради.
Божхона органлари билдиришича, телефонларни ноқонуний йўллар орқали олиб кириш уринишлари ҳам анча фаоллашган. 2025 йил бошидан буён умумий қиймати 16,4 миллиард сўм бўлган 44 мингдан зиёд телефоннинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилган.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга олиб кирилаётган телефонларнинг катта қисми Хитойдан келтирилади. 2025 йилнинг январ–май ойларида олиб кирилган 1,56 миллион дона телефоннинг 1,2 миллиони Хитойдан импорт қилинган. Шунингдек, 304,5 минг дона телефон Ветнамдан, 47,3 минг дона эса БААдан олиб кирилган.
Телефон импортидаги пасайиш турли омиллар, жумладан ички бозордаги талаб ўзгариши, ноқонуний савдо ва солиқ-бож тартиботлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мутасаддилар бу борада таҳлиллар олиб боришни ва зарур чоралар кўришни кўзламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 18 июл куни 57 дона iPhone қурилмасини рўйхатдан ўтказиш учун пора олган божхона инспектори қўлга тушганлиги ҳақида хабар берган эдик.