Марказий банк томонидан “Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг дастлабки концептуал лойиҳаси эълон қилинди.
Жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йилларга мўлжалланган асосий йўналишларининг базавий сценарийси доирасида кутилганидан бироз юқорироқ суръатларда ўсишда давом этмоқда. Аҳоли даромадларининг ўсиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг юқорилиги ички талабни шунингдек, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда.
Асосий сценарий прогнозлари ички ва ташқи шароитлар жорий ҳолатларда сақланиб қолиши ва давом этиши хусусан, глобал инфляция пасайиб бориши, жаҳонда иқтисодий ўсиш суръатларининг ижобий ва хомашё нархларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши, ички талабнинг ошиб бориши ҳамда ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши шартлари асосида амалга оширилди.
Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсига кўра, ЯИМнинг реал ўсиши қатъий пул-кредит шароитлари ва фискал консолидация таъсирида 2025 йилда 5,5-6 фоиз, 2026 йилда 5,5-6,5 фоиз, 2027 йилда эса 6-6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг таъминланиши ҳисобига истеъмол талаби нормаллашуви ва инфляциянинг 2025 йилда 6-7 фоизгача пасайиши, 2026-2027 йилларда 5 фоизлик таргетига яқин даражада шаклланиши кутилмоқда. 2026 йилнинг иккинчи ярмида инфляциянинг таргет кўрсаткичига етиши пул-кредит шароитларини маълум даражада юмшатиб бориш ва босқичма-босқич нейтрал фазага ўтказиш имконини беради.
Муқобил сценарийда иқтисодий фаолликнинг маълум даражада пасайиши ва қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши фонида умумий инфляция 2025 йилда 7-8 фоизга, 2026 йилда 6 фоизга яқин бўлиши ва 2027 йилнинг биринчи ярмида 5 фоизлик таргетгача пасайиши кутилмоқда. Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийларига қўшимча равишда инфляцияни оширувчи хатарларнинг ортишига асосланган хатарли сценарий ҳам кўриб чиқилди ва бундай шароитда инфляцияни пасайтиришга қаратилган пул-кредит сиёсати чоралари таҳлил қилинди.
Мазкур хатарлар таъсирида умумий инфляция 2025 йилда 8-9 фоиз, 2026 йилда 7-8 фоиз атрофида шаклланиши ва 5 фоизлик таргетга 2027 йилнинг охирида етиши кутилмоқда.
Бунда, таргетга етиш эҳтимоли пул-кредит сиёсатида кўриладиган чоралар таъсирчанлигига ҳам боғлиқ бўлиб, янада қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашни тақозо этади.
Макроиқтисодий ривожланишнинг ҳар қандай сценарийси шароитида ҳам пул-кредит сиёсати чоралари Марказий банкнинг асосий мақсади бўлган нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилиб, инфляцияни 5 фоизлик таргетигача пасайтириш ва ушбу даражада барқарор шаклланишига йўналтирилади.
2024 йил январь-сентябрь ойлари якунига кўра, саноат, қурилиш тармоқлари ва хизматлар соҳаларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори ўсиш кузатилди. Жумладан, реал ўсиш даражаси қурилишда – 9,1 фоизни, саноатда – 7 фоизни ташкил этган бўлса, хизматларда – 12,8 фоизга тенг бўлди.
Ялпи талабни қўллаб-қувватлаш инвестицион фаоллик, хусусан, ушбу жараёнларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар (реал ўсиши – 62,1 фоиз) муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таълим, ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа хизматлари ҳамда уй-жой қурилишига йўналтирилган маблағларнинг жами инвестициялардаги улуши камайганига қарамасдан, хизматлар ва қурилиш соҳасига йўналтирилаётган инвестицияларда юқори ўсиш суръатлари давом этди.
2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида савдо ва пуллик, хизматлардан тушумлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,1 фоизга ошди ва барча ойларда ижобий ўзгариш кўрсаткичлари қайд этилди. 2024 йилнинг 9 ойида турар-жой кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг ойлик ўсиш суръатлари секинлашиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пастроқ шаклланди. Юқори нарх эффектининг сақланиб қолаётганлиги таъсирида иккиламчи бозорда уй-жой нархлари ўсиши сентябрь ойида сўм индексида 15,5 фоизни (ўтган йилнинг мос даврида 32,8 фоиз) ташкил этди. 2024 йилнинг июль ойига келиб бўш иш ўринлари сони камайганига қарамасдан, август ва сентябрь ойларида таклифнинг бироз яхшиланиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бунда асосан, чакана савдо, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида эълон қилинган бўш иш ўринлари сони қолган соҳаларга нисбатан сезиларли даражада юқори сақланиб қолмоқда.
Жорий йилнинг III чорагида ҳам бюджет харажатлари ва даромадлари ўзгариш динамикасида сезиларли тафовут сақланиб қолди. Консолидациялашган давлат бюджети тақчиллиги I чоракда ЯИМга нисбатан 10 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич II чоракда сезиларли қисқариб 4 фоизгача пасайди. Бу асосан ЎТТЖ ва бюджетдан ташқари жамғармаларга ажратмалар ҳамда иқтисодий харажатларнинг қисқариши ва ЯИМнинг юқори ўсиши билан боғлиқ.
2024 йилнинг биринчи ярмида бюджет харажатларининг ўсиш суръати даромадлар ўсишидан юқорироқ шаклланди. Жумладан, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жорий йилнинг биринчи чорагида даромадлар 11 фоизга ва харажатлар 22 фоизга ўсган бўлса, ушбу кўрсаткичлар орасидаги номутаносиблик иккинчи чоракка келиб қисқарди ва даромадлар 8 фоизга, харажатлар эса 5 фоизга ўсди.
Шунингдек, асосий сценарий бўйича, жорий йилда пул ўтказмалари ҳажмининг 25-30 фоиз атрофида (14,5-15,0 млрд. доллар) ўсиши, 2025-2027 йилларда эса фундаментал тренд доирасида йиллик 10-15 фоизга ошиб бориши прогноз қилинмоқда.
Миграция оқимида давлатлар диверсификациясининг кучайиб бориши давом этади. Бунда, юқори даромадли давлатлар улуши ортиши ҳисобига ушбу давлатлардан пул ўтказмалари ҳажми ўсиши кутилмоқда.