Бугун 25 январь, 2021 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистондаги тўйхона эгалари тўйларни 70-100 киши билан ўтказиш таклифи билан чиқди

Ўзбекистондаги тўйхона эгалари тўйларни 70-100 киши билан ўтказиш таклифи билан чиқди

Ўзбекистондаги тўйхона эгалари тўйларга ташриф буюрувчилар сонини ошириш таклифи билан чиқиб, 70-100 кишилик тўйларда карантин қоидаларини таъминлашга кафолат берди
Кўпгина тўйхона эгалари, шунингдек, тўй ўтказган оила бошлиқлари тўйхонадан кўра уйда, карантин қоидаларига риоя қилиб тўй ўтказиш қимматга тушиб кетаётганини маълум қилган.

«Тўйхонада 150 нафар одамга қилинаётган харажат билан уйдаги 30 кишининг харажати бир хил бўляпти. Оддий мисол: стол-стул ва идиш-товоқларни ижарага олишмоқда. Шу нарсаларнинг ўзи 100 минг сўмдан тушяпти киши бошига. 30 кишига идиш-товоқ ва стол-стулнинг ўзига 3 миллион сўм харажат бўляпти. Артистлар ҳам олдин тўйхонага 1 миллион сўмга келаётган бўлса, ҳозир уйга 2 миллион сўмга келишяпти. Сабаби ҳар бир тўйхонанинг ўзининг аппаратлари бор, овоз созлагичлари бор, уларга текинга қўйиб бериларди, тўйхона ҳисобидан. Энди эса артистлар ўзлари ўша қурилмаларини хонадонга олиб боришмоқда, бунинг учун ҳам алоҳида тўлов тўланяпти. Шунча хонадонга бориб тўй ташкиллаштириб беряпмиз, лекин бирорта хонадонда 30 кишилик тўйни кўрмадик», — дейди тўй ташкиллаштириш билан шуғулланувчилардан бири.

Шунингдек, яна бир фуқаро тўйхона эгалари номидан мурожаат йўллаб, тўйга ташриф буюрувчилар сонини ошириш таклифини билдирган.«Тўйхона эгалари номидан таклифимиз бор эди. Тўғри, 30 кишилик тўйларимизни кўтармайди, лекин тахминан 70-100 кишилик тўй қилиб берадиган бўлса, карантин қоидаларига амал қилинишга кафолат берардик. Масалан, 12 кишилик столга 4 киши ўтқазилиб, оралиғини 2,5 метрдан қилинади. Ҳар бир стол учун стол учун офицантлар жавобгар бўлади. Агар шу таклифларимиз ўрганиб чиқилиб, маъқулланса хурсанд бўлардик», — дейди исми ошкор этилмаган тўйхона эгаси.

Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида «Тўйлар тўйхонада бўлгани маъқул эдими ёки уйда кам сонли одамлар билан ўтказиш қулайми?» саволи остида сўровнома ўтказилган. Унга кўра, овоз берганларнинг 60 фоизи тўйхонада тартибли бўлишини, 30 фоизи эса ҳовлида ўтқазишни маъқуллаган. «Тўғрисини айтганда, қариндош-уруғ, таниш-билишчилик, қўни-қўшнилар билан йиғилганда 3-4 кун тўй ўтказдим. Арзон дейишди-ку, лекин олдинги ўғилларимни уйлантирган тўйимдан кўра, бу сафар қимматга тушиб кетдим. Карантин қоидаларига риоя қилиш жуда қийин экан. Ҳамма қариндош-уруғлар кириб келаверар экан, ниқоб таққин дея олмайсиз», — дейди карантин шароитида тўй ўтказган аёллардан бири.

Карантин даврида уйланган Муҳаммадамин Тoғаев исмли йигитнинг сўзларига кўра, уй шароитида тўй ўтказишдан у ҳеч нарса йўқотмаган, балки аксинча, ортиқча сарф-харажатлардан қутулган. «Уйда, тор доирада 15 кишилик тўй ўтказишга қарор қилик. Дўстларим ҳам карантинда тўй қилди. Тўйга кетиши мумкин бўлган пулни карантин сабаб ишлата олмади ва бу пулга машина олди… 15 кишилик тўй қилдим, ҳаётим минус томонга ўзгаргани йўқ»,  — дейди у.

Маҳалла фаоллари ва ИИО профилактика инспекторлари томонидан шу кунга қадар олиб борилган назорат тадбирлари натижасида тўй-марака, туғилган кун каби маросимларда карантин қоидаларига риоя қилинмаган юздан ортиқ ҳолат аниқланган. Ҳолат юзасидан маъмурий баённо расмийлаштирилиб, жарима тайинланган. Давлат хизматлари агентлиги маълумотларга кўра, 1 июндан ҳозирга қадар 79 333 та никоҳ қайд этилган.

Киритилди: 18:35 01.09.2020. Ўқилди: 2889 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!