Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан 2025 йил декабрь ойида республикадаги боғ, сайилгоҳ, дарахтзор, яшил воҳалар ўртасида “Яшил замин яратувчилари” эко-марафони анъанавий кўрик-танлови ўтказилади.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва ‘яшил иқтисодиёт’ йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 16-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилади.
Кўрик-танлов туман (шаҳар) (24 ноябр — 12 декабр) ҳамда ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) босқичларда (15–19 декабр) ўтказилиб, боғ, сайилгоҳ, дарахтзор, яшил воҳалар номидан мазкур манзилларда жойлашган умумтаълим мактабларидан шакллантирилган (8 кишидан иборат) жамоалар иштирок этади.
Кўрик-танлов 3 та шарт асосида бўлиб ўтади. Биринчи шарт — “Экология билимдони”да экологияга оид 10 та савол берилади. Иккинчи шартда иштирокчилардан танлов бошлангунига қадар чиқиндилар тўғрисида мақолалар чиқариш талаб қилинади. Учинчи шартда эса жамоалар пайвандлаш борасидаги билим ва кўникмаларини амалда кўрсатиб беришлари лозим. Барча шартлар жамоанинг боғи, сайилгоҳи, дарахтзори, яшил воҳаларига бориб баҳоланади.
Эко-марафон ёшларнинг “яшил” иқтисодиёт йўналишидаги интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамоа билан ишлаш кўникмасини шакллантириш ҳамда экология ва атроф-муҳитни асрашга бўлган эътиборни кучайтиришга хизмат қилади.