Сиртқи таълим шакли 2018 йилда қайта жорий этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — меҳнат фаолиятини олиб бораётган, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган фуқароларга ишдан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятини яратиш эди. Бу тизим, авваламбор, катта ёшдаги аҳоли орасида таълимга бўлган эҳтиёжни қондириш, шу орқали уларнинг малакасини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилди.
Сиртқи таълимнинг қайта ташкил этилиши натижасида ёшлар ва катта ёшдаги аҳоли орасида олий таълим билан қамров сезиларли даражада ошди. Қатор ҳудудларда ишлаб юрган фуқароларга таълим олиш имконияти яратилиши ижобий ижтимоий ва иқтисодий натижалар берди.
Бироқ вақт ўтиши билан ушбу шаклда таълим олишнинг самарадорлиги, академик интизом, сифат назорати ва билимлар чуқурлиги, юқори таълим стандартларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммолар намоён бўлди.
Айни шу сабабларга кўра, 2025 йилдан бошлаб, юртимизда олий таълим сифатини янада ошириш, таълим жараёнида шогирд-устоз анъаналарини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларга асосланган ўқитиш тизимини кучайтириш мақсадида сиртқи таълим шакли босқичма-босқич тугатилди.