Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов бошчилигидаги делегация Италия Республикасининг Триесте шаҳри жойлашган "Elettra –Sincrotrone Trieste S.C.p.A." ташкилоти фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида ташкилот Президенти ва бош ижрочи директори Алфонсо Франчиози билан Ўзбекистонда илмий тадқиқотларда фойдаланиш учун Синхротрон лабораторияларини ташкил этиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Синхротрон — бу зарядланган зарралар, масалан, электронлар ёки протонларни юқори тезлик ва энергияга эришиш учун махсус траектория бўйлаб тезлатишга мўлжалланган юқори технологияли қурилма. Синхротронларда зарралар магнитлар ёрдамида сақлаб туриладиган айланма траектория бўйлаб ҳаракатланади ва ҳар бир айланишда улар радиочастотали майдонлар ёрдамида тезлатилади. Синхротрон лабораториялари дунё бўйлаб кўплаб мамлакатларда мавжуд бўлиб, улар турли хил илмий тадқиқотлар учун фойдаланилади.
Музокаралар натижасида юртимизда синхротрон илмий лабораторияларини ташкил этиш ҳамда махсус лаборатория қурилмаларини Ўзбекистонга тақдим этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу лабораторияда фаолият олиб борувчи мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ушбу лабораторияларда илмий тадқиқотлар амалга ошириш учун халқаро молия институтларидан грантлар жалб этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.