Ўзбекистонда ташкил этиладиган пулли йўлларда 150 км/соатгача тезликда ҳаракатланишга рухсат берилиши мумкин.
Автомобиль йўллари қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаровнинг маълум қилишича, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда пулли йўлларга оид нормалар ҳам белгиланмоқда. Қонун қабул қилингач, йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилади ва пулли йўлларда тезликни соатига 150 километргача ошириш мумкинлиги белгилаб қўйилади.
Шу билан бирга, пулли йўлдан фойдаланишдаги нарх ҳисоблаш методикаси ҳукумат томонидан тасдиқланади. Бунда, ставкаларнинг энг юқори чекланган миқдорлари белгилаб қўйилиши ва инвестор йўл тўловини ана шу энг юқори миқдордан оширмаслиги талаб этилади.
«Масалан, 100-200 км жойга борадиган бўлса, йўлда бир нечта радарга тушади. Ҳайдовчи битта радарга тушсангиз, камида 200 минг сўм жарима тўлайсиз. Пулли йўлда эса, дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, 200 км масофага ҳаракатланиш тўлови 100 минг сўм атрофида бўлади. Бу ҳисоб-китоблар ҳали ўзгариши ҳам мумкин», – дейди мутахассис.