Бугун 13 апрель, 2021 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланган қанча одамнинг соғлиғи ёмонлашди?

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланган қанча одамнинг соғлиғи ёмонлашди?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков 7 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда коронавирусга қарши эмланганларда қандай ножўя таъсирлар кузатилаётганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, ҳозирги кунга қадар умумий эмланганлар орасида енгил даражадаги ножўя таъсирлар 71 ҳолатда қайд этилди. Булар қандай ножўя таъсирлар:

  • 45,7 фоизида тана ҳароратининг 37,5 даражадан ошиши;
  • 21,2 фоизида танада оғриқ;
  • 14,1 фоизида эмлаган жойда қичишиш;
  • 11,2 фоизида енгил бош оғриғи;
  • 6,1 фоизида эмланган жойда оғриқнинг пайдо бўлиши;
  • 2,7 фоизида асабийлашиш, ҳолсизланиш, қўрқиш каби белгилар.

Унинг қайд этишича, шу вақтгача эмланган фуқароларда жиддий асоратлар кузатилмаган.

Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, 6 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 49 602 фуқаро эмланган, уларнинг 29 860 нафари AstraZeneca вакцинаси билан, қолган 19 742 нафари ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланган.

Шунингдек, Отабеков коронавирус ҳали ҳам ёшлар орасида кенг тарқалганлигини тасдиқлади. Масалан, 6 апрелда 206 та ҳолат қайд этилган, шулардан 54 таси (26,2 фоиз) 19 ёшгача бўлган ёшлар ҳисобланади. Бироқ ушбу кўрсаткич Соғлиқни сақлаш вазирлигининг статистикасидан фарқ қилади. Вазирликнинг статистикасига кўра, сешанба куни коронавирусга чалиниш бўйича 192 та ҳолат қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланди. Эмлаш дастлаб қариялар, соғлиқни сақлаш ходимлари, ОАВ вакилларида кўнгилли тарзда ўтказилади. 6 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши жами эмланганлар сони 49 602 нафарга етди. Улар AstraZeneca ва Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланмоқда. Ўзбекистонда тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган фуқароларга QR-кодли сертификат берилади.

Киритилди: 01:18 08.04.2021. Ўқилди: 3286 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!