Ўзбекистон U-15 терма жамоаси жорий йил Озарбайжонда бўлиб ўтадиган тарихий FIFA U-15 World Cup & Festival 2026 мусобақасида Қозоғистон билан бир гуруҳдан жой олди.
Sports.kz нашрининг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари ушбу гуруҳда Багам ороллари, Гана, Гуам ҳамда Мьянма ўсмирлар терма жамоалари плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб боради.
ФИФА томонидан илк бор ташкил этилаётган мазкур турнир 22–31 октябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилади. Мусобақада дунёнинг 191 та мамлакати вакиллари қатнашиши режалаштирилган бўлиб, терма жамоалар 32 та гуруҳга тақсимланган.
Гуруҳ босқичи 24–26 октябрь кунларига белгиланган. Ҳар бир жамоа уч кун давомида бештадан учрашув ўтказади. Тақвим зичлиги сабаб айрим кунлари терма жамоалар икки мартадан майдонга тушиши кўзда тутилган.
FIFA U-15 World Cup & Festival 2026 ёш футболчилар ўртасидаги янги форматдаги мусобақа бўлиб, унинг илк нашри ФИФА тарихида алоҳида аҳамиятга эга турнир сифатида ўтказилади.