Бу ҳақда бугун АОКА ҳузуридаги штабда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби Феруза Мадраҳимова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Карантин даврида мактаб ўқувчиларига ва талабаларга масофадан таълим берилмоқда? Инспекция томонидан масофавий таълимнинг сифати қандай назорат қилинмоқда?
Инспекция Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан ҳамкорликда масофавий таълимнинг ташкил этилиши мониторингини олиб бормоқда.
Ушбу жараёнда кенг жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида Инспекциянинг @edumonitoring_bot телеграм боти ишга туширилган.
Мазкур телеграм бот орқали ота-оналар мактаб ва ОТМларда масофавий ўқитишнинг сифати, уни ташкил этиш ҳамда ҳудудлардаги муаммо ва қийинчиликлар бўйича хабар ва таклифлар беришмоқда.
Мисол учун, олис ҳудудларда яшовчи кўпчилик талабалар интернет тезлиги пастлиги, электр узилишлари сабабли масофавий таълим тизимидан самарали фойдалана олишмаётганликларини маълум қилишган. Айни пайтда ҳамкор вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликлар билан масофавий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.