Доналд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида "улкан ҳарбий муваффақиятлар" ва дипломатик силжиш туфайли Эрон билан тинчлик шартномаси тузиш имкониятларини баҳолаш учун "Озодлик лойиҳаси" (Project Freedom) вақтинча тўхтатилишини маълум қилди.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, бундай илтимос музокараларда воситачи бўлиб чиқаётган Покистон ва бошқа давлатлар томонидан тушган.
"Блокада ўз кучида қолар экан, келишувга эришиш ва уни имзолаш имкониятини аниқлаш мақсадида „Озодлик лойиҳаси“ (Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларни ўтказиш) қисқа муддатга тўхтатиб турилади", — дея қўшимча қилди у.
Теҳрон ҳозирча бу баёнотларга изоҳ бермади. Бироқ Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф бир кун аввал АҚШ ва унинг иттифоқчилари "ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилиши ва Эронга нисбатан блокада жорий этилиши сабабли" бўғоздаги кемалар қатнови хавфсизлигини хавф остига қўйганини таъкидлаган эди.