Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ҳудудларга, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотларни (табиий органик полимер махсулотлар мустасно) олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш тақиқлаш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқиш учун киритилди.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда мазкур тақиқ белгилаб қўйилган.
(https://regulation.gov.uz/oz/d/85967)
Қонунга кўра, бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларга БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача (660 минг сўмдан 1 миллион 650 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача (1 миллион 650 минг сўмдан 3 миллион 300 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдордаги қийматда содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 миллион 300 минг сўмдан 4 миллион 950 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача (4 миллион 950 минг сўмдан 6 миллион 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солинади.
Ҳуқуқбузарликни кўп миқдордаги қийматда содир этган фуқаролар БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача (6 миллион 600 минг сўмдан 8 миллион 250 минг сўмгача), мансабдор шахслар эса 25 бараваридан 30 бараваригача (8 миллион 250 минг сўмдан 9 миллион 900 минг сўмгача) миқдорда жаримага тортилади.
Ушбу қонун 2026 йилнинг 1 июль санасидан эътиборан кучга киради. Мақсад — чиқиндиларнинг атроф-муҳит, ер, сув ва ҳавога зарарли оқибатлар келтириб чиқаришини камайтириш, атроф-муҳитнинг тозалигини сақлашдир.