Бугун 27 октябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистон ТИВ Россиядаги фуқароларни огоҳлантирди

Ўзбекистон ТИВ Россиядаги фуқароларни огоҳлантирди

Россияда жойлашган консуллик муассасалари фаолияти давомида Ўзбекистон фуқароларининг консуллик муассасаларига қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш ҳолатлари кузатилмоқда, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, Telegram’даги виртуал гуруҳ ва каналларда Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг турли хил қалбаки ҳужжатларини тайёрлаб бериш "хизматлари"ни таклиф қилувчи эълонлар кенг тарқалмоқда.

Маълум қилинишича, бу жиноий гуруҳлар фаолияти оқибатида фуқаро Э.Р. қалбаки ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштирган, Ўзбекистонга чипта олиш жараёнида ҳужжатнинг сохталиги аниқланган.

Қозондаги Бош консулхонасининг тезкор ҳаракатлари натижасида фуқаронинг Россия Жиноят кодексининг 322-моддаси (Россия давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) ҳамда 327-моддасида (сохта ҳужжатлар, давлат мукофотлари, штамплар, муҳрлар ёки бланкаларни қалбакилаштириш, тайёрлаш ёки сотиш) назарда тутилган жиноятларни содир этишининг олди олинди.

Шунингдек, икки фуқаро ўзаро тузилган қалбаки никоҳ асосида никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштирган ва унга асосан РФ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларидан (ФҲДЁ) ўз фарзандига "туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома"ни олган.

ТИВ Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган турли хил "ҳужжат тайёрлаб бериш" ҳақидаги эълонларга алданмаслик, ҳужжатларни расмийлаштиришда фақат Ўзбекистон ваколатли давлат органларига мурожаат қилишни қатъий тавсия қилди.

Киритилди: 23:25 26.10.2025. Ўқилди: 945 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!