Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши ўтказилган халқаро ўртоқлик учрашувида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Терма жамоамизнинг ҳар икки голига Шерзод Эсанов муаллифлик қилди.
Учрашувнинг 19-дақиқасида Ўзбекистон ҳисобни очди. Рақиб дарвозабонининг хатосидан фойдаланган Шерзод Эсанов тўпни дарвозага йўллади — 0:1.
Мезбонлар тўрт дақиқадан сўнг ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. 23-дақиқада Ал-Бурайкан бош билан аниқ зарба бериб, мувозанатни тиклади.
Бироқ биринчи бўлим якунланишига ўн дақиқа қолганида Ўзбекистон яна олдинга чиқди.
35-дақиқада стандарт вазиятдан кейин тўғри позиция танлаган Шерзод Эсанов рақиб дарвозасини иккинчи марта ишғол қилиб, дубль қайд этди.
Орадан тўрт дақиқа ўтиб, Ҳусайн Норчаев ҳам гол урди. Аммо ҳакам офсайдни қайд этгани сабабли ушбу гол ҳисобга олинмади.
Шу тариқа, жамоалар танаффусга Ўзбекистоннинг 2:1 ҳисобидаги устунлиги билан чиқиб кетди.
50-дақиқада захирадан майдонга тушган ҳимоячи Али Лажами Аббосбек Файзуллаевга нисбатан ўта қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам унга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди.
Натижада номинал мезбонлар учрашувнинг қолган қисмини ўн киши бўлиб ўтказишга мажбур бўлди.
Мазкур вазиятда жароҳат олган Аббосбек Файзуллаев ўйинни давом эттира олмади. 54-дақиқада унинг ўрнига Азизбек Амонов майдонга туширилди.
Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади. Учрашувга қўшиб берилган олтинчи дақиқада ҳакам финал ҳуштагини чалди.
Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Шерзод Эсановнинг дубли эвазига Саудия Арабистонини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, халқаро ўртоқлик учрашувини ғалаба билан якунлади.
Ўртоқлик учрашуви
Саудия Арабистони — Ўзбекистон — 1:2
Голлар: Ал-Бурайкан (23) — Шерзод Эсанов (19, 35).
Қизил карточка: Али Лажами (50, Саудия Арабистони).