Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси «Осиё ва Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони соддалаштириш тўғрисидаги ҳадли битим»нинг расмий аъзосига айланди.
Битимнинг 19-моддаси қоидаларидан келиб чиқиб, ушбу ҳужжат Ўзбекистон учун 2025 йил 3 февралдан бошлаб кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг «Осиё ва Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони соддалаштириш тўғрисидаги ҳадли битим»га қўшилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 сентябрдаги ПҚ–316-сон «Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Маълумот учун: Осиё ва Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони соддалаштириш тўғрисидаги ҳадли битим 2016 йил 19 майда БМТнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича иқтисодий-ижтимоий комиссияси (ЭСCАП) томонидан қабул қилинган кўп томонлама халқаро ҳужжат ҳисобланади.
Ушбу Ҳадли битимнинг асосий мақсади электрон шаклдаги савдо ҳужжатлари ва маълумотларини ўзаро тан олиш ва алмашиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, миллий ва субминтақавий тизимларнинг операцион мувофиқлигини оширишга кўмаклашиш орқали қоғозсиз трансчегаравий савдони ривожлантиришга кўмаклашиш ҳисобланади.
Мазкур ҳужжат 2021 йил 20 февралдан амал қилиб келаётган бўлиб, бугунги кунда, Ҳадли битимга жами 14 та мамлакат расман қўшилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ушбу ҳужжатга қўшилиши мамлакатнинг қоғозсиз савдо халқаро тизимига интеграциялашуви ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳамкор давлатлар билан экспорт-импорт операцияларини жадаллаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул ваколатли орган этиб белгиланган.