Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро келажакда Италия терма жамоасини бошқаришни орзу қилишини маълум қилди.
Италиялик мутахассис мураббийлик фаолиятида ўз олдига катта мақсадлар қўйганини ва уларга эришиш учун тинимсиз меҳнат қилаётганини таъкидлади.
"Менинг асосий орзуим — Италия терма жамоасини бошқариш. Дунёни шунчаки айланиш учун ишламаяпман. Катта мақсадларга эришиш йўлида қаттиқ меҳнат қилиш ниятидаман", — деди Каннаваро.
Шунингдек, мураббий "Удинезе"даги қисқа фаолиятини эслади. Унинг таъкидлашича, жамоани А Серияда олиб қолиш учун олтита учрашув етарли бўлган, бироқ клуб раҳбарияти ҳамкорликни давом эттирмасликка қарор қилган.
"Бундай вазиятларнинг 99 фоизида мураббий ўз лавозимида қолади. Аммо мен билан бошқача йўл тутишди. Бу қарордан хурсанд бўлмадим, лекин уни қабул қилдим. "Удинезе"да ишлаш мен учун муҳим тажриба бўлди", — дея қўшимча қилди у.