Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат миграцияси географияси сезиларли даражада ўзгармоқда: Россия ҳамон асосий йўналиш бўлиб қолмоқда, бироқ тобора кўпроқ ишчилар Европа ва Осиё давлатларини танламоқда.
Ўзбекистон Миграция агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг қарийб 1,4 миллион фуқароси 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда. Меҳнат мигрантларининг ярмидан кўпи Россияда: тахминан 60 фоиз ёки 834,2 минг нафар ўзбекистонлик ишчи Россияда ишламоқда. Европа давлатларида 258 минг, Қозоғистонда — 84,4 минг, Туркияда — 72,1 минг, Жанубий Кореяда эса 46,4 минг нафар фуқаро меҳнат қилмоқда. Яна қарийб 100 минг киши бошқа давлатларда ишлаяпти.
Шу билан бирга, Россия ва бошқа МДҲ давлатларининг меҳнат миграциясидаги улуши камаймоқда. Ўтган йили Ўзбекистондан МДҲ давлатларига миграция 29 фоизга камайган бўлса, Европага миграция 42 фоизга, Осиё давлатларига эса 26 фоизга ошган.
Тошкент 20 дан ортиқ давлат билан уюшган меҳнат миграцияси бўйича келишувлар тузган. Устувор ҳамкорлар қаторида Германия, Буюк Британия, Испания, Болгария, Руминия, Словакия, Сербия ва Япония бор. Янги йўналишлар сифатида АҚШ, Италия, Швеция, Франция ва Словения ҳам шаклланмоқда.
Экспертлар баҳосига кўра, янги йўналишларни танлашга иш ҳақи даражаси, меҳнат шароитлари ва миграция сиёсатидаги ўзгаришлар таъсир қилмоқда. Европа ва Осиёнинг айрим давлатларида ишчи кучининг етишмаслиги ва аҳолининг қариши туфайли қўшимча талаб шаклланмоқда.
Ўзбекистоннинг ўзи ҳам уюшган ва қонуний меҳнат миграцияси каналларини кенгайтириб, малакали ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларига кўпроқ эътибор қаратмоқда. Фақат йилнинг биринчи ярмида хорижда ана шундай иш ўринларига 124,5 минг нафар Ўзбекистон фуқароси жойлаштирилган.
Ўзбекистонлик ишчилар савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари, соғлиқни сақлаш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва қурилиш, шунингдек, нефть-газ ва кончилик соҳаларида меҳнат қилмоқда. Европада соғлиқни сақлаш ва кексаларга қараш соҳалари истиқболли йўналишлар ҳисобланади. Саудия Арабистонида қурилиш, техник соҳалар ва соғлиқни сақлаш мутахассисларига талаб ортиб бормоқда. БААда эса меҳмонхона ва ресторан бизнеси, туризм, авиация ҳамда логистика соҳаларига талаб юқори.
Бу ўзгаришлар пул ўтказмаларида ҳам акс этмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида улар ҳажми йиллик ҳисобда 13 фоизга ошиб, 3,8 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, Россиянинг улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизга тушди. Қозоғистон ва Жанубий Кореянинг ҳар бири 4,1 фоиздан, Европа давлатларининг улуши эса 3,3 фоизни ташкил қилди. Умумий ҳажмнинг 2,75 миллиард доллари Россиядан, қарийб 1,05 миллиард доллари эса бошқа давлатлардан келган.
2025 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари 27,2 фоизга ошиб, 18,9 миллиард долларга етди. Бу мамлакат ЯИМининг қарийб 13 фоизига тенг.
Миграция масалалари бўйича эксперт Алишер Ҳамдамовнинг таъкидлашича, Россия-Украина можароси, рубль курсининг заифлашиши ва миграция сиёсати қатъийлашиши фонида Россиянинг меҳнат мигрантлари учун жозибадорлиги пасаймоқда.
Унинг сўзларига кўра, Россиядаги иқтисодий ва маъмурий шароитлар аввалгидек жозибадор эмас, рубльнинг заифлашиши эса мигрантлар ишлаб топган маблағларни ватанига ўтказганда уларнинг қийматини пасайтирмоқда. Хорижлик ишчиларни рўйхатдан ўтказиш ва ишлаш учун рухсатнома олишга қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши ҳам қўшимча омил бўлган.
Ҳамдамовнинг қайд этишича, Европа ва Осиё давлатлари ўзбекистонлик ишчиларни юқорироқ иш ҳақи ва тартибга солинган меҳнат шароитлари билан жалб қилмоқда. Энди мигрантлар мамлакат танлашда нафақат даромадни, балки меҳнат хавфсизлиги, ижтимоий кафолатлар ва қонуний ишлаш имкониятини ҳам ҳисобга олмоқда.