Тошкент халқаро инвестиция форуми — Марказий Осиёдаги энг йирик ва нуфузли инвестиция майдонларидан бири бўлиб, у Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши, модернизация жараёнлари ҳамда сармоявий салоҳиятини дунё аудиториясига кенг намойиш этмоқда. Форум доирасида халқаро компаниялар, молиявий институтлар иштирок этмоқда.
Форумнинг асосий иштирокчиларидан бири — Ўзбекистон технологик металллар комбинати (ТМК) бўлиб, у мамлакатнинг критик минераллар соҳасидаги стратегик салоҳиятини халқаро инвесторларга тақдим этмоқда.
ТМК ўзининг геологик ресурслари, замонавий қайта ишлаш инфратузилмаси ҳамда тўлиқ қиймат занжирига асосланган ёндашувини форум меҳмонларига намойиш қилмоқда. АҚШ, Европа, Осиё давлатларининг йирик инвестор ва молиявий институтлари билан учрашувлар ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг критик минераллар бўйича концептуал стратегияси ва истиқболли лойиҳалари муҳокама қилинмоқда.
Бугунги кунда ТМК 25 дан ортиқ турдаги муҳим минералларни ўз ичига олган 70 дан зиёд инвестиция лойиҳасини амалга ошириш устида ишламоқда. Уларнинг умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
ТМК хорижий инвесторлар учун очиқ, узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик моделини таклиф қилмоқда. Компания ҳозирда АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Дания каби давлатларнинг молиявий ва технологик институтлари билан бевосита ҳамкорлик ўрнатган.
“ТМКнинг асосий мақсади – муҳим хомашёларни глобал миқёсда ишончли етказиб беришдир. Биз қазиб олишдан тортиб, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ қиймат занжирини яратмоқдамиз. Махсус иқтисодий зоналарда технопарклар ташкил этиш орқали йирик компаниялар учун бир жойда ишлаб чиқариш, сармоя киритиш ва маҳсулот яратиш имкониятини тақдим этяпмиз,” — дейди Ҳан Илҳан, ТМК бошқарув раиси маслаҳатчиси.