Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўткан VI Ислом бирдамлиги ўйинларида муносиб иштирокини якунлади.
Мусобақада юртимиз спортчилари жами 96 та медаль – 29 та олтин, 35 та кумуш ва 32 та бронзани қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 57 давлат орасида Туркияддан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Бу натижа юртимизнинг Ислом бирдамлиги спорт ассоциациясига аъзо мамлакатлар орасида кўп қобилиятли ва етакчи спорт давлатларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.
Шу тариқа Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳри мезбонлик қилган Ислом бирдамлиги ўйинлари расман якунига етди.
Тантанали ёпилиш маросимида Акбар Жўраев ва Актенге Кеунимжаева делегациямиз байроқдорлари бўлди.
Шунингдек, маросимда Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси байроғи навбатдаги Ўйинларни ўтказадиган Малайзияга тантанали равишда топширилди.