Лондон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Равшан Усманов ҳамда Британиянинг “Association of Labour Providers” (ALP - Меҳнат таъминотчилари уюшмаси) бош директори David Camp билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Маълумот учун: ALP - Буюк Британиянинг мавсумий ишлар, озиқ-овқат, саноат, логистика каби соҳаларда ишчиларни етказиб берувчи ва манфаатларини қўллаб қувватловчи ташкилоти. Ушбу уюшмага 300 дан зиёд йирик компаниялар аъзо.
Музокарада, Буюк Британия Меҳнат таъминотчилари уюшмаси (ALP) директори жаноб David Camp: "Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ўзбекистонлик ёшларни Англия корхоналарига ишга жойлаштиришдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёрмиз", - дея таъкидлади.
Учрашувда, Британиянинг мавсумий ишчилар дастури бўйича Ўзбекистон фуқаролари учун квоталарни ошириш, янги мавсумий операторлар билан шартномалар тузиш ҳамда юртдошларимизни хавфсиз ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга ёллаш юзасидан келишувга эришилди.