Ўзбекистоннинг қароргоҳи Вашингтонда жойлашган элчиси Фурқат Сидиқов Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силвага ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Мулоқот чоғида мамлакат президенти Ўзбекистонни истиқболли ва ишончли ҳамкор сифатида кўришини таъкидлаб, икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, олий даражадаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат ўртасидаги амалий ўзаро ҳамкорликни янада бойитиш масаласида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Мезбонлар БМТ, БРИКС ва бошқа халқаро майдонларда Бразилия ташаббусларини изчил қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди, дейилади хабарда.
«Бразилия Ўзбекистоннинг Лотин Америкасидаги асосий ҳамкорларидан биридир. Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз», — дея ёзди элчи X саҳифасида.