Бош прокуратура томонидан янги таҳрирдаги «Тергов процессуал ҳужжатлари намуналари» услубий қўлланмаси ва унинг дастурлаштирилган электрон нусхаси яратилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Мазкур қўлланмани тайёрлашда терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда тергов давомида қабул қилинган 5 мингдан ортиқ процессуал ҳужжатлар ўрганилиб, таҳлил қилинган. Мақсад республикада ягона, тизимли равишда йўлга қўйилган тергов амалиётини яратишдан иборатдир.
Шунингдек, қўлланма процессуал ҳужжатларда юридик ва криминалистик атамаларнинг тўғри ва ўринли қўлланилиши, олиб борилган суриштирув ҳамда тергов процессуал ҳужжатларини расмийлаштиришдаги хатоликларнинг олди олиниши, амалиётда тергов органлари фаолияти устидан процессуал қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ариза ва шикоятларни камайиши, терговчиларнинг ишини янада самарали олиб борилиши, прокуратура органларига янги хизматга қабул қилинган ёш мутахассисларнинг иш фаолияти самарадорлигини ошиши, умуман, ягона тергов амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, услубий қўлланмада 400 га яқин процессуал ҳужжат намуналари жамланган.
Manba: daryo.uz