Бугун 16 октябрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раиси Хабиб Нурмагомедов билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раиси Хабиб Нурмагомедов билан учрашув ўтказди

Аралаш жанг санъати юлдузи, UFCнинг мутлақ (собиқ) чемпионларидан бири жаҳонга машҳур Хабиб Нурмагомедов Ўзбекистонга келди.

Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, фахрий меҳмон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Жар» спорт мажмуасида ташкил этилган Ассоциациянинг марказий идора фаолияти билан танишди.

Мажмуада таниқли спорт арбобини Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раиси Азиз Ташпулатов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раҳбарияти, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари ҳамда спортчилар кутиб олди.

Тадбир жараёнида меҳмонлар юртимиздаги аралаш жанг санъати фаолияти, «Жар» спорт мажмуасида спортчиларнинг тайёргарлик жараёни ва яратилган инфратузилма билан яқиндан таништирилиб, мамлакатимизда мазкур спорт соҳасини янада ривожлантириш ва аралаш жанг санъатини оммалаштириш ҳамда халқаро тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Хабиб Нурмагомедов ўз тажрибасидан келиб чиқиб, спортчиларни профессионал тайёрлаш бўйича тавсиялар берди ва Ўзбекистонда спорт салоҳияти юқори эканини алоҳида таъкидлади.

"Ҳозирги кунда Ўзбекистон бокс спортида дунёда етакчилик қилиб, энг кўп олтин медалларни қўлга киритаётган давлат сифатида тимсолланиб келмоқда. Ишонаманки, агар ўзбекистонлик ёшларга бошқа спорт турларида, хусусан аралаш жанг санъатида шароит яратилиб, тўғри йўналиш берилса, яқин келажакда дунё саҳнасида кучли спортчилар орасида етакчилик қилишади", — деди Нурмугамедов учрашув чоғида.

Учрашувда аралаш жанг санъати бўйича ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, халқаро мусобақалар ўтказиш ҳамда соҳа йўналишида мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш каби ташаббуслар режалаштирилди.

Шунингдек, Хабиб Нурмагомедов ёш спортчилар билан учрашув ўтказди. Уларга мотивацион, ташаббусга ундовчи нутқ сўзлаб, шахсий тажрибаси билан ўртоқлашди.

Бу ташриф нафақат аралаш жанг санъати, балки умумий спорт салоҳиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Киритилди: 12:53 15.10.2025. Ўқилди: 591 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!