Бугун 17 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Хитойнинг йирик энергетика корпорацияси: стратегик ҳамкорликдан амалий лойиҳалар сари

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Хитойнинг йирик энергетика корпорацияси: стратегик ҳамкорликдан амалий лойиҳалар сари

Жаҳон энергетика бозорида катта тажрибага эга халқаро корпорация билан ҳамкорлик Ўзбекистон гидроэнергетикасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва замонавий технологияларни жорий қилишда муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарув раиси Ислом Абдурахмонов Хитойнинг йирик давлат энергетика корпорацияларидан бири — “China Energy International Group” раҳбарияти билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 майдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–163-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар халқаро инвестицияларни жалб этиш, истиқболли гидроэнергетика лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, замонавий технологиялар ҳамда илғор муҳандислик ечимларини жорий этиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, Жамият тизимидаги лойиҳа институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, кадрлар алмашинуви ва мутахассислар малакасини ошириш орқали ўзаро тажриба алмашиш имкониятларига эътибор қаратилди.

Узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро илғор тажрибани маҳаллий шароитга татбиқ этиш орқали Ўзбекистон гидроэнергетика тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, амалий шерикликни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Мазкур ҳамкорликнинг аҳамияти “China Energy International Group”нинг халқаро энергетика бозоридаги мавқеи, йирик инфратузилма объектларини барпо этиш тажрибаси ва комплекс муҳандислик ечимларини амалга ошириш салоҳияти билан белгиланади.

“China Energy International Group” — йирик гидроэнергетика лойиҳаларида халқаро тажрибага эга ҳамкор

“China Energy International Group” Хитойнинг йирик давлат энергетика ва муҳандислик корпорацияси — “China Energy Engineering Group” (“Energy China”) таркибидаги халқаро тузилма бўлиб, Хитой ва хорижий бозорларда йирик энергетика объектларини лойиҳалаш ҳамда қуришда катта тажрибага эга. Корпорация гуруҳига кирувчи “China Gezhouba Group Corporation” каби муҳандислик-қурилиш компаниялари дунёдаги йирик гидроэнергетика лойиҳаларида иштирок этган.

Маълумот учун, Хитойдаги 22,5 гигаватт қувватли “Уч дара” (Three Gorges), 16 гигаваттлик “Байхэтан” (Baihetan) ва 12,6 гигаваттлик “Силоду” (Xiluodu) ГЭСлари корпорация гуруҳининг гидроэнергетика соҳасидаги муҳандислик ва қурилиш тажрибасини намоён этувчи йирик лойиҳалардандир. Ушбу объектлар мураккаб гидротехник иншоотлар, юқори қувватли гидроагрегатлар ва замонавий муҳандислик ечимлари билан ажралиб туради.

Йирик гидроэнергетика объектларини барпо этишда тўпланган тажриба, муҳандислик салоҳияти ва лойиҳаларни комплекс амалга ошириш имкониятлари “China Energy International Group” билан ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Бундай ҳамкорлик Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларга халқаро тажрибани жалб этиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва инвестициявий имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Халқаро тажрибага эга компания билан ҳамкорлик нафақат янги объектларни қуриш, балки лойиҳаларни тайёрлаш, техник-иқтисодий асослаш, замонавий ускуналарни танлаш ва қурилиш жараёнларини самарали ташкил этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Киритилди: 17:39 16.10.2026. Ўқилди: 246 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!