Халқаро жиноят полицияси ташкилоти (Интерпол) сайтида ўзбекистонлик тадбиркор ва Anorbank акциядори Қаҳрамонжон Олимов номига чиқарилган «қизил билдиришномаси» (Red Notice) энди кўринмаяпти.
Халқаро қидирув ҳақидаги хабарнома сентябрь охирида эълон қилинган эди. Карточкада Олимов 1977 йил 7 майда Андижон вилоятида туғилгани, Ўзбекистон фуқароси экани ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларини билиши кўрсатилган эди.
Шу билан бирга, карточкада тадбиркорни халқаро қидирувга бериш бўйича сўровни қайси давлат юборгани маълум қилинмаганди.
Дастлаб оммавий хабарномада айблов ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмасди. Кейинчалик унда жиноят категорияси: «Одам ўғрилаш, туҳмат қилиш, ноқонуний ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш» пайдо бўлди.
Хабарноманинг Интерпол сайтидан йўқолиб қолиши сабаблари номаълум.
Интерпол сайтида қайд этилишича, «қизил билдиришнома»ларнинг аксарияти фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун очиқ бўлади, оммавий базада эса улар тегишли давлатнинг сўровига кўра эълон қилинади. Шу сабабли, карточканинг сайтдан йўқолишининг ўзи билангина тадбиркорга нисбатан халқаро қидирув тўхтатилгани ёки тўхтатилмаганини аниқлаб бўлмайди.
«Интерполнинг қизил билдиришномаси» (Red Notice) — бу шахсни қидириш ва ушлаб туриш бўйича халқаро сўров. Мамлакат бошқа давлатлардан шахсни кейинчалик экстрадиция қилиш масаласини ҳал этиш учун уни топиш ва вақтинча ушлаб туришни сўрайди.