Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ жорий йилнинг биринчи чорагида қандай натижаларга эришди?

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ жорий йилнинг биринчи чорагида қандай натижаларга эришди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бугун гидроэнергетика тармоғида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилгача гидро электр станцияларнинг умумий қуввати соҳада 1 836 МВтни ташкил этган бўлса, 2017-2023 йилларда амалга оширилган лойиҳалар натижасида қўшимча 397 МВт янги ва модернизация қилинган қувватлар ишга туширилиб, умумий қувват 2233 МВтга етказилди.

Бунда гидро электр станциялар умумий сони 60 тани ташкил этмоқда. Хусусан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти таркибига 14 та йирик ГЭС (30 МВтдан юқори), 26 та ўрта ГЭС (5-30 МВт), 6 та кичик ГЭС (0,5-5 МВт) ҳамда 14 та микроГЭС (0,5 МВтгача) киради.

Ушбу акциядорлик жамиятининг ахборот таҳлил бўлими бошлиғи Хуршид РАВШАНОВ мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида ишлаб чиқариш, Инвестиция ва Маҳаллийлаштириш дастурлари ижроси, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича уч ойлик натижалар ҳақида маълумот берди:

–Бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти таркибидаги барча корхоналарда аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида туну кун ишлаб чиқариш ташкил этилган бўлиб, 2024 йилнинг I чорагида қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқариш режаси 122 фоизга ортиғи билан бажарилди. 1,4 миллиард кВт/соатга етказилди. Яъни, ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга, яъни 1326 миллиондан 1363 миллион кВт/соатга кўпайди.

Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг энг катта ўсиш суръати февраль ойида (+12,) қайд этилган бўлса, январь ойида ўсиш +7 фоизни ташкил этди. Натижада гидроэнергетика объектларида ишлаб чиқарилган энергиянинг республикадаги жами энергия ишлаб чиқаришдаги улуши қарийб 8 фоизни ташкил этди. Мамлакатимизда ҳисобот даврида “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳудудлар қаторига Тошкент, Сирдарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри кирди. Ушбу ҳудудларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 92,9 фоизи Ягона энергетика тизимига узатилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш ҳисобига ўтган уч ойда шартли 368,4 миллион метр куб табиий газ, 309,7 миллион кг. мазут ва 1 135 миллион кг. кўмир ёқилғиси иқтисод қилишга эришилди.

Қолаверса, жамият ва тизим корхоналари томонидан I чоракда бюджетга 109 миллиард сўмлик тўлов амалга оширилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида маҳсулот таннархини камайтириш мақсадида амалий ишлар ташкил этилиб, ишлаб чиқариш харажатлари 3,5 миллиард сўмга қисқартирилди. Шунингдек, энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан 164 тонна металл парчалари топширилиб, режа кўрсаткичи 125 фоизга бажарилди.

I чоракда давлат Инвестиция дастурига мувофиқ 8 та лойиҳа доирасида 29,8 миллион доллар ўзлаштирилди. Бунда хорижий кредит – 11,5 миллион доллар ва Жамият ўз маблағлари – 18,3 миллион доллардир.

Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад жорий йил якунига қадар қуввати 26 МВт, йиллик ишлаб чиқариши 133 миллион киловатт соат бўлган 23 та, шу жумладан, 19 та микроГЭС ва 4 та кинетик гидроагрегатни фойдаланишга топширишдир. Бунинг натижасида жамият таркибида 2024 йил якуни билан жами қуввати 31 МВт бўлган 37 та микроГЭС ташкил этилиб, қўшимча йиллик 153 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Ташкилотимиз томонидан “Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини жадаллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қарор лойиҳасида 2024–2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича янгиланган дастур тасдиқланмоқда.

Унга кўра, 2030 йилга қадар 50 та янги ГЭС қуриш орқали гидроэнергетиканинг умумий қувватини 5 624,4 МВтга етказиш, яъни 3 396,3 МВт қўшимча қувватлар яратиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, 2024 йилдан жамият томонидан ростловчи қувватларни вужудга келтириш мақсадида юртимизда биринчи бор қуввати 1 600 МВт гидро тўплаш электр станциялар (ГТЭС) қурилиши лойиҳаларини бошлаш, умумий қуввати 1631 МВтли 18 та йирик ва ўрта қувватли ГЭСлар қурилиши, қуввати 28 МВтли 28 та микро ва кичик ГЭСлар қурилиши, қуввати 550 МВтли мавжуд 15 та ГЭСни модернизация қилиш режалаштирилган.

Мазкур истиқболли лойиҳалар ҳисобига жамият тасарруфидаги ГЭСлар томонидан йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 17 миллиард киловатт соатга етказилади.

Киритилди: 15:41 20.04.2024. Ўқилди: 696 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!