Хитой Қўшма Штатлар билан қуролларни назорат қилиш ва ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича кейинги музокаралардан бош тортди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.
«Афсуски, ХХР кейинги учрашувдан бош тортди ва биз тақдим этган вариантларга мазмунли жавоб бермади», деди АҚШ Давлат департаменти.
Қайд этилишича, Вашингтон Пекинга ядро ва космик соҳадаги можаро ёки кескинлашув хавфига қарши курашиш учун «оқилона қадамлар»ни таклиф қилган. Режага «мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш», шунингдек, «балистик ракеталарни синовдан ўтказиш учун огоҳлантириш тизимини яратиш» ва «космосдаги кескинликни камайтиришга қаратилган ҳаракатлар» киритилган.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакили Лю Пенгю Давлат департаменти вакилининг сўзларига жавобан, йирик ядровий арсеналларга эга бўлган давлатларни ядровий қурол назорати бўйича кейинги музокаралар учун уларни сезиларли даражада камайтиришга чақирди.
АҚШ ва Хитой 2023 йилнинг ноябрь ойида Вашингтонда қурол-яроғ назорати бўйича маслаҳатлашувлар ўтказган. 2024 йилнинг апрель ойида Қўшма Штатлар биринчи марта Осиё-Тинч океани минтақасида ўрта масофага учувчи қуруқликдаги ракета тизимларини жойлаштирди.