Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбек спорти афсонаси Оксана Чусовитина Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси бўлишга номзод

Ўзбек спорти афсонаси Оксана Чусовитина Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси бўлишга номзод

Икки кун давомида, яъни 20-21-июл кунлари Япониянинг Токио шаҳрида Халқаро олимпия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Йиғилишнинг илк кунида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Биз учун анжуманнинг аҳамиятли томони, Ўзбекистон спорт тарихида илк бор мамлакатимиз вакиласи, 1991-йилдан буён жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида Ватанимиз номини улуғлаб келаётган ҳамда ўзига хос рекорд ўрнатган ўзбек спорт афсонаси Оксана Чусовитина Халқаро олимпия қўмитасининг спортчилар комиссиясига аъзо бўлиш имкониятига эга бўлганидир.

Таъкидлаш жоиз, ХОҚнинг спортчилар комиссияси 17 кишидан иборат. Шу кунларда мазкур комиссия аъзоларининг 4 нафари ўз ваколатини топширган. Бўшаб қолган ўринлар учун дунё миқёсидаги 30 нафар етакчи атлетлар номзоди илгари сурилмоқда. Комиссия аъзолигига номзод спортчилар, собиқ атлетлар шу кунларда Японияга таклиф этилган. Овоз бериш жараёни эса шу йил 3-августгача давом этади.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах йиғилишда спортчилар комиссиясига танланадиган 4 нафар номзодга овоз бериш жараёни ҳақида сўз юритиб, овоз бериш онлайн тарзда ўтказилмаслиги, номзодлар қайси даражада бўлишидан қатъий назар барчаси тенг ҳуқуққа эга эканлиги, улар танлангунга қадар Токиодаги “Олимпия қишлоғи”да бўлишга ҳақли эканини таъкидлаб, 3-август куни сайланган номзодлар орасидан ХОҚ Спортчилар комиссияси раиси сайланишини ҳам маълум қилди. Ушбу комиссия раиси ўз навбатида, ХОҚ ижроия қўмитаси аъзолигига ҳам қабул қилинади.

Ўзбекистон олимпия ҳаракати тарихида Оксана Чусовитинанинг шундай шарафли номга сазовор бўлиши мамлакатимиз спортининг ўзига хос ютуғидир. Номзодлар орасида жаҳон Олимпия ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Чусовитинанинг эътироф этилиши Халқаро олимпия қўмитаси, унинг тегишли бўлинмалари ва комиссияларининг юртимиз профессионал спортига катта эҳтироми сифатида қабул қилиш лозим.

Йиғилишда 6та спорт тури – лакросс, чирлидинг, айсшток, самбо, кикбоксинг ва муай-тай Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган спорт турлари сифатида кўрсатилди. Лекин бу уларнинг олимпия ўйинлари тизимига киритилганини англатмайди. Бирор спорт турининг олимпия ўйинлари таркибига киритилиши узоқ давом этадиган жараён. Бугунги кунда дунёда 10 дан зиёд спорт тури ХОҚ томонидан тан олинган бўлса-да, олимпия ўйинларига киритилмаган.

Aнжуманда олимпия ўйинлари шиорига бироз ўзгартириш киритилгани, олис 1894-йилдан бери қўлланиб келинган “Cитиус, алтиус, фортиус”, яъни "Тезроқ, баландроқ, кучлироқ”нинг давомига “Биргаликда” ибораси қўшилгани ҳам маълум қилинди.

Бугун йиғилишнинг якуний қисми бўлиб ўтди. Унда 2032-йилги ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилувчи шаҳар номи эълон қилинди. “Яшил қитъа” Aвстралиядаги ушбу мўжаз шағар овоз бериш жараёнида бир қатор номзод шаҳарларни ортда қолдирди. Шу тариқа Aвстралия учинчи маротаба Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади. Бунгача “яшил қитъа”нинг Мелбурн ва Сидней шаҳарлари тўрт йилликнинг нуфузли анжуманини қабул қилган.

Киритилди: 23:42 21.07.2021. Ўқилди: 3079 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!