Бугун 24 ноябрь, 2020 йил, сешанба

O'ZB

UzAuto Motors судда ютиб чиқди, Антимонополия эса товон пули тўлайди

UzAuto Motors судда ютиб чиқди, Антимонополия эса товон пули тўлайди

Бугун, 30 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.

Ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўриб чиқилмоқда.

Бугунги жараён очиқ суд мажлисида давом эттирилди ва дастлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили С. Атамуратов судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда ишни кўришда жамият истеъмолчиларини ҳамда “Azimavtomotive” МЧЖни мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилишни сўради.

Мазкур илтимоснома тарафлар ўртасида муҳокама қилингач, суднинг ажримига асосан жамият истеъмолчилари сони ва шахси аниқ эмаслиги ҳамда шикоят талаби уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита таъсир кўрсатмаслиги сабабли илтимосномани қаноатлантириш рад этилди. 

Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили С. Атамуратов судга иккинчи илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда “UzAuto Motors” АЖ вакили Н. Отахонованинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўради.

Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралгач суднинг якуний ҳал қилув қарори эълон қилинганда тушунтириш берилиши маълум қилинди.

Шундан сўнг тарафларнинг асосий шикоят аризаси юзасидан фикрлари тингланиб, музокара сўзига киришилди.

Дастлаб, музокара сўзида аризачи “UzAuto Motors” АЖ вакиллари Л. Эрдонаев ва Р. Шаймарданов ўз фикрларини билдирди.

Шундан сўнг музокара сўзида жавобгар МҚКҚ вакиллари Б. Умматов, У. Давлетов, Ш. Шадманкулов ва С. Атамуратовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ишда иштирок этувчи Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Э. Воҳидовнинг иш юзасидан шикоят аризасини қаноатлантириш ҳақидаги музокара сўзи тингланди.

Шундан сўнг суд ҳал қилув қарори қабул қилиш учун маслаҳатхонага кирди.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи “UzAuto Motors” АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи “UzAuto Motors” АЖ фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 230 000 сўм ва 20 000 сўм почта харажатлари ундириш белгиланди.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилди.

Судда раислик қилувчи ушбу ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг тарафларга нима сабабдан суд ушбу хулосага келганлиги ва суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят келтириш муддати ва тартиби тўғрисида тушунтириш берди.

Киритилди: 17:21 30.10.2020. Ўқилди: 4520 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!