Олтиариқ туманида пенсиядаги А.Э. исмли фуқаронинг гиёҳванд моддаларни етиштиргани учун жаримага тортилгани маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг қарорига кўра, А.Э. Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 8.5 миллион сўм жаримага тортилган.
Ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Олтиариқ туман бўлимига келиб тушгач, давлат ижрочиси қарздорга 15 кун ихтиёрий муддат берган. Бироқ, А.Э. айбини тан олмай, ўсимлик унинг хонадонида "ўт-ўланлар орасида чиқиб қолганлиги"ни важ қилиб, жаримани тўлашдан бўйин товлаган.
Қарздорнинг бу ҳаракатидан сўнг, МИБ ходимлари мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориш учун А.Э.нинг яшаш хонадонига боришган. Шундагина А.Э. уларни тўхтатиб, ўша куннинг ўзида 8 500 000 сўм жарима пулларини тўлиқ бартараф этган.
Мазкур ижро иши амалда тамомланди.