Бугун 21 сентябрь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

УЙҚУСИЗЛИК — ХАВФЛИ КАСАЛЛИК БЕЛГИСИМИ?

A A A
УЙҚУСИЗЛИК — ХАВФЛИ КАСАЛЛИК БЕЛГИСИМИ?

Ёш улғайгани сари кўпчилик инсонлар уйқусизлик ва уйқу маромининг бузилишидан азият чекади. Бироқ ҳамма ҳам бунга етарлича эътибор беравермайди. Аксинча бу ҳолатни ўткинчи деб ўйлаб, шифокорга боришни пайсалга солади. Натижада даволаш мураккаб бўлган ва саломатлик учун жиддий муаммоларни келтириб чиқарувчи сурункали уйқусизликка йўлиқади.

Хўш, ушбу ҳолатга қандай омиллар сабаб бўлади? Уйқунинг инсон ҳаётидаги ўрни, уйқусизликнинг асосий белгилари нималардан иборат?

ССВ Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан тиббиёт фанлари доктори Дониёр АЛИМОВга мурожаат қилди.

— Дастлаб уйқунинг инсон саломатлигидаги ўрни ҳақида айтиб ўтсангиз.

— Уйқу озиқ-овқат, сув ва ҳаво каби яшаш учун муҳим омил саналади. Ухлаганда инсон тана мушаклари тонуси пасайиб, эшитиш, кўриш, ҳид ва таъм билиш хусусияти сусаяди. Артериал қон босими пасайиб, юрак уриши, тўқималарга қон келиши ва танадаги моддалар алмашинуви секинлашади. Натижада нафақат мия, балки барча ички тана аъзолари “дам” олади. Қолаверса, тиниқиб ухлаганида инсон организмида моддалар алмашинуви яхшиланади.

Агар инсон уйқудан бутунлай воз кечса ёки бир неча соатга қисқартирса, 4-5 кундан сўнг унинг саломатлигида жиддий муаммолар бошланади. Ҳатто тунги уйқуни кундузгиси билан алмаштириш ҳам соғлик учун зарарлидир.

Мириқиб ухламаслик эса организмда турли эндокрин, юрак-қон томир ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари ҳамда асаб ва руҳий хасталикларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

— Уйқусизликнинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади?

— Баъзи инсонлар билан суҳбатлашсангиз, тунда яхши ухлай олмаётганидан шикоят қилади. Айримлар эса кечаси кам ёки юзаки ухлаш, бевақт уйғонавериш, уйқу келмаслиги каби ҳолатлардан безовта бўлади. Бу касаллик тиббиётда “инсомния” деб аталади.

Бунга асосан шовқин, ёруғлик, ноқулай ўрин ва ёстиқлар, оғир травматик вазиятлар, асабларнинг зўриқиши, тунда ишлаш, спиртли ва кўп миқдорда кофеинли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, хуррак отиш, стимулловчи дори препаратларини қабул қилиш каби омиллар сабаб бўлади.

Қолаверса, бу ҳолат кучли руҳий, эмоционал шикастлар, невроз, хавотирланиш, бош мия касалликлари (айниқса, мия қон томирлари атеросклерози), ички аъзолар ва эндокрин безлар (буйрак, жигар, қалқонсимон без) хасталиклари билан боғлиқ нерв тизимининг функционал бузилишларида ҳам учрайди.

Шунингдек, кучли ҳаяжонланиш, бирор касалликнинг бошланиш белгиси, хусусан, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар, юрак-қон томир хасталиклари ва қалқонсимон безнинг фаоллиги ошиши оқибатида ҳам инсон яхши ухлай олмаслиги мумкин. Шу сабабли уйқусизликка эътиборсиз бўлиш ярамайди.

Киритилди: 18:21 08.12.2021. Ўқилди: 4964 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!