Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Увол бўлган ёшлик ёхуд оғу томган умр

Увол бўлган ёшлик ёхуд оғу томган умр

Ҳаёт деган катта уммоннинг ўпқонлари,  тўфонлари, бўронлари кўп. Кимдир бу тўфонлардан  ақл билан омон қолса, кимнидир бу ўпқонлар ўз домига тортади. Ҳаётнинг қонуни шундай: Кучлилар, иродалилар тўғри йўлни танлайди, қоқилса  ҳам йиқилмайди.    Тўғри йўл қолиб, эгри йўлни танлаганлар  эса  ҳаётнинг  барча неъматларидан бебаҳра қолиши аниқ.

       Хайриддин Собиров ( исми- шарифи ўзгартирилган) била кўра эгри йўлга кирганлар тоифасидан. У айни навқирон  26 ёшда.  Аммо жиноят кўчасига бир неча йил аввал,  21 ёшида кирган, суднинг қора курсисига қайта –қайта ўтириб, ёш умрини, орзуларини барбод қилган йигит бир эмас, тўртинчи бор жиноят содир этганлигидан таажжубланади киши. Наҳотки, уни бу йўлдан қайтарадиган ота-онаси, маҳалла кўй, дўстлари, яқинлари йўқ бўлса..

Биринчи  бор 2015 йилда жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг ажрими билан    Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан юритилган жиноят иши ЖКнинг 661-моддасига асосан тугатилган,  иккинчи бор 2017 йилда жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг ажрими билан  Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан юритилган жиноят иши Жиноят кодексининг 661-моддасига асосан тугатилган,  учинчи бор 2018 йилда жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг ҳукмига кўра   ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ бўйича тузатиш ишлари жазоси тайинланган,  2018 йилда жиноят ишлари Нурота туман судининг ажрими билан   ЖКнинг 73-моддасига асосан ўталмай қолган 7 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси муддатидан илгари шартли озод қилинган.

         Тўртинчи бор қилган мана бу жинояти    учун    2019 йил ноябрда жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан сиртдан “Қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, 2019 йил декабрда ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

            Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 2-қисми билан айбланган бу йигитнинг жиноятлар  тарихи ана шундай.

   2019 йил 26 август куни соат 13:05ларда    Навоий давлат педагогика институти биноси ёнида жойлашган савдо дўкон олдида гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида,   2 (икки) дона қоғоз бўлакларига солиб қадоқланган,    1,46 (бир бутун қирқ олти) грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини  келишган мижозга ўтказаётган вақтида  шаҳар ИИБнинг тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб,   гиёҳвандлик воситалари холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Суд мажлисида судланувчи Х. Собиров айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлаб, 2019 йил ёз фаслида Навоий шаҳрида А.Яссавий кўчасида   Г. Олимовнинг уйида 80.000 сўм эвазига ижарага яшай бошлаганлигини, 2019 йил июль ойи бошларида    Акмал  исмли шахс билан танишганлигини, ижарада     яшаб юрган вақтлари,    Г. Олимовнинг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиши ҳақида билиб қолганлигини,  уй эгаси гиёҳвандлик воситаларини уйининг қайси жойларида сақлаётганлигини билиб қолганлигини,  шундан сўнг таниши Р. Ўроқов ундан 100.000 сўмга  Г. Олимовдан гиёҳвандлик воситалари сотиб олиб беришни илтимос қилиб сўраганлигини, шунда у  бу  таклифга рози бўлиб, Навоий шаҳрида жойлашган “Пирамида” кафесининг орқа томонида  Р. Ўроқовдан 100.000 сўм миқдордаги пулларни олганлигини, шундан сўнг гиёҳванд моддаси сотиб олиш мақсадида ўзи ижарага яшаб келаётган  уйига борганлигини, у у эгаси билан  ўзаро гаплашиб, ўзининг истеъмоли учун 100.000 сўм эвазига деб гиёҳвандлик моддасини беришни сўраганлигини, шунда Г. Олимов унга 2 та қоғоз бўлагига қадоқланган гиёҳвандлик воситасини берганлигини ва “оғу”ни  сўраган одамга уни бериш учун келишган жойга бораётганда қўлга тушганлигини тан олди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2017 йил 28 апрелдаги “Гиёҳванд воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганди, уларни Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган шарт ва тартибини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш ҳақида тушунча берилган.

  Жиноятнинг ташкилотчилари ва фаол иштирокчилари, шу жумладан, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни сотувчилар, ўтказувчилар, бундай восита ёки моддаларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки унинг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтказган, шу каби жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар оғирроқ жавобгарликка тортилишлари кўрсатилган.

 Суд юқоридаги қонун ва Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, судланувчи Х. Собировга жазо тури ва миқдорини белгилашда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини, ёшлигини, муқаддам судланиб, ўзига тегишли хулоса чиқармаганлигини, қасддан яна жиноят содир этганлигини, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси оғир жиноятлар туркумига киришини инобатга олиб, ушбу ҳолатларни жиноятни ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топиб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, у айбли деб топилган модда санкциясида белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топади.  Навқирон ёшини елларга совурган,   увол қилган йигит яна такрор темир панжара ортига йўл олди...

Норбиби ШОДИЕВА,

 Норбек МИРЗАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди ходимлари

Киритилди: 21:35 21.09.2020. Ўқилди: 2739 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!