Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

«Қутқаринг, хотиним уряпти!» ёхуд хотинларидан калтак еган эрлар учун ёрдам маркази очилди

A A A
«Қутқаринг, хотиним уряпти!» ёхуд хотинларидан калтак еган эрлар учун ёрдам маркази очилди

Зўравонлик ишлатиш, турмуш ўртоғига дўқ-пўписа қилиб, қўл кўтариш фақат эрларга хос деб ўйлайсизми? Адашасиз. Ҳозир аёллар ҳам анча қаҳри қаттиқ бўлиб кетишган. Ҳозир болалари у ёқда турсин, эрларини ҳам аяб ўтиришмаяпти. Гапларига кирмай, оилада ўрнатилган қоидаларнинг тескарисини қиляптими, кўзи кўкаришига тайёр турсин. Бундай рафиқалар дастидан ҳатто баъзи эркаклар ёрдам сўраб, ёрдам марказларига мурожаат этишмоқда. Масалан, мана шундай марказлардан бири Санкт-Петербургнинг Нева шаҳрида ҳам очилди. Петербурглик руҳшуносларни ўзида жамлаган мазкур масканнинг номи ўзига хос — «Икки нуқта». Ҳатто журналистлардан бири муштипар эр сифатида у ерга бориб, репортаж ҳам тайёрлаб келди.

Қоғоз сочиқ тайёрлаб қўйилган

Ёшгина аёлнинг овози худди майин мусиқа сингари эшик ортига ҳам жаранглаб эшитилмоқда:

— Сизнинг ҳикоянгизда жуда кўп иккиликлар бор. Сиз бу рақамнинг ҳаётингизда тутган роли ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

— Тўғрисини айтсам, ўйлаб кўрмаган эканман.

Мўъжазгина хона. Чиройли парда тутилган. Иккита шинам кресло. Журнал столи. Бир қадоқ қоғоз салфетка — ярми бўшаб қолган. Мендан аввал бу ерда бир йигит бўлган эди. Афтидан, ўта таъсирчан бўлса керак.

«Икки нуқта» — Россиядаги жисмоний ва жинсий зўравонликка учраган эркакларни ҳаётга қайтарадиган, ёрдам берадиган биринчи марказ саналади. Унда дастлабки беш консультация — текин.

Сайтдаги унча катта бўлмаган анкетани тўлдириб, қабулга ёзилдим. «Икки нуқта»нинг филиаллари бутун шаҳар бўйлаб тарқалиб кетган. Улардан бири таҳририятимиздан беш дақиқа узоқликда жойлашган экан. Бу менга жуда қўл келди, чунки раҳбарим — аёл киши. Агар ёрдам сўраш керак бўлса, узоққа бориб ўтирмайман...

— Икки йил олдин хотиним мени роса урган, — қизариб эътироф этдим мен. — Тўғри, “роса” сўзини баландпарвоз тарзда ишлатдим. Дўстларим билан зиёфатда мазза қилиб ўтирдик. Уйга кеч қайтдим. Оёқда зўрға турардим. Хотиним аҳволимни кўриб, ўзини тута олмади ва икки юзимга иккита шапалоқ урди... Тўғри, бу ҳолат ҳар ким билан ҳам содир бўлиши мумкин. Ўзим ҳам роса етилган эдим-да... Кечирасиз, бу ҳолат шу қадар чалкашки... Менимча бу жиддий муаммо бўлмаса керак-а?

— Йўқ, бироқ сиз шу ердасиз, — мулоҳаза билан жавоб қилди руҳшунос. — Айрим жабрдийдалар бу каби ҳолатларга унча эътибор беришмайди ва чакки қилишади. Чунки қачондир чекилган изтироб, албатта, бир кун бўй кўрсатади.

Тушим ва ҳаётимдаги авиафалокат

Рафиқам билан муносабатларимиз аъло даражада эди, бироқ руҳшунос қабулига бу ҳолатда келиб бўлмасди. Шундай экан, кечир, азизам, баъзи воқеаларни кўпиртириб кўрсатишга мажбурман!

— Орадан икки йил ўтди, бироқ бу эпизодни ҳали ҳам эсдан чиқара олмаяпман, — янаям кўпроқ бўёққа ўраб кўрсатдим вазиятни. — Охирги вақтларда бир хил тушни қайта-қайта кўряпман: қоронғи йўлак, эски гулқоғоз, хона гуллари ва менда ўша пайтгача бўлмаган иккита тарсаки...

Мендек басавлат эркакни тинглаб, бош ирғаганча мутахассис ён дафтарчасига бир нималарни ёзиб қўйяпти. Шу пайт энг қизиқ нарса бошланди — психоанализ (менинг ақли ожизимча, бу худди шундай аталади, ахир қачонлардир Зигмунд Фрейд таълимотидан таълим олганман!). Турли хил майда маълумотлардан биз умумий картина ҳосил қилмоқчи бўлдик.

— Тушингизга яна нималар киради?

— Кўпроқ авиафалокатлар, — ҳақиқатни тан олдим мен. — Фақат мен йўловчи эмас, гувоҳман. Кўчадан кетаётиб, самолётнинг секин қийшайиб, ерга қулаётганини кўраман ва уйғониб кетаман.

— Ерга келиб урилган пайтини ҳеч кўрганмисиз?

— Йўқ.

— Бу тушни ўша тарсакилардан кейин кўра бошладингизми ё унгача ҳам кўриб турармидингиз?

— Ундан кейин.

— Бунга шундай изоҳ бериш мумкин. Сиз онг остида рафиқангиз зарбасини самолётнинг ерга келиб урилиши тарзида қабул қилгансиз. Бироқ сиз авиафалокатдан бир сония аввал уйғониб кетасиз, демак, бу ҳолат яна такрорланишидан чўчийсиз, кўргингиз келмайди.

— Бу яхшими? — тушунмай сўрадим мен. — Ёки ёмон?

— Билмадим. Менимча, чиз никоҳингиздан хавотирдасиз.

Қизиқарли изоҳ!

Ҳаётим иккиларга тўлиб кетибди

Шу пайт эшик ортидан кимнингдир телефони жиринглагани эшитилди. Қандайдир мусиқа асбобининг овози. Суҳбат 40 дақиқадан буён давом этмоқда. Жуда оғир. Биринчидан, бу менинг ҳаётим давомида руҳшунос қабулига биринчи марта келишим. Иккинчидан, мен жуда сирли одамман, шахсий ва оилавий сирларимни кимлар биландир бўлишиш ўлимдан машаққат. Яна бундай қалтис мавзуда. Бироқ таҳририят топшириғига биноан нималар қилмайсан! Бош муҳарриримиз жуда қаттиққўл. Худо кўрсатмасин, агар қулоқ солмасам, қандай жазо қўллашини билиб бўлмайди...

Жуда қийинчилик билан бўлса ҳам мутахассис мендан қандайдир деталларни билиб олишга ҳаракат қилди. Суҳбат болалик давримга кўчди. Онам, бобо-бувиларим, оилам билан муносабатим... Ахир психоаналитика барча нарсалар билан қизиқади!

— Балки, сиз менга уйга вазифа бериб, қўйиб юборарсиз? — ҳазил қилиб сўрадим мен.

Бироқ мендан яна ва яна жавоб беришимни сўрашди: ҳар бир сўз, ҳар бир ассоциациямни синчиклаб текширишди!

Суҳбат натижасида ҳаётимда икки сони билан боғлиқ бир қанча жиҳатлар мавжудлигини билиб олдим. Иккита болам бор. Мени икки марта уйдан ҳайдаб юбормоқчи бўлишган (бахтимга уринишлари муваффақиятсиз чиққан). Ниҳоят икки йил аввал мен мана шундай ақл бовар қилмас зарбага учраганман ва ни ҳалигача унута олмаганман.

— Хуллас, менинг касалим нима?

— Ҳозирча билмайман, — деган жавобни эшитдим. — Бешта консультацияда мағзини чақишга улгурамиз.

Суҳбатимиз бир соатча давом этди. Негалигини билмадим-у, бироқ марказдан гандираклаб чиқдим. Ҳиссиётлар ғалати, бироқ ич-ичимдан енгил тортдим. Балки, вақт топиб, ким биландир гаплашиб туриш керакдир?

Кейинги учрашувда давом эттирамиз!

Айнан хулоса

«Икки нуқта» ёрдам маркази ҳар қандай зўравонликка учраган эркакларга ёрдам кўрсатади. Штат жадвалида бир нечта ходимлар мавжуд (улар орасида эркаклар ҳам бор). Бу ерда бешта психологик ва битта юридик консультация бепул. Интернет ёки телефон орқали қабулга ёзилиш мумкин. Мутахассислар сиз билан электрон почта ёки видеомурожаат орқали ҳам алоқага чиқишлари мумкин.

— Кимлигингиз сир тутилади, — дея ваъда беришади марказда.

Ҳозирги кунда бу ерга ўндан ортиқ метин ирода вакиллари бўлмиш эркаклар мурожаат қилишган. Уларнинг деярли барчаси интернет орқали алоқага чиқишган. Мен қўрқмасдан руҳшунос қабулига учрашувга келган кам сонли эркаклардан бириман.

Жонли нутқ

«Амалиётга кўра, эркаклар аёллар томонидан зўравонликка ўйлаганимиздан кўпроқ дуч келишади. Фақат бундай аҳволга тушган жабрдийданинг аҳволи ҳақида гапириши мушкул ва уятли. Қачонлардир кечилган изтироб ҳар хил оқибатга олиб келиши мумкин: ишдаги муаммолардан тортиб, физик ва руҳий ҳолатнинг ёмонлашишигача».

(Ирина ЧЕЙ, «Икки нуқта» ижтимоий ёрдам маркази раҳбари.)

Хулласи калом

Мазкур ижтимоий ёрдам марказига борганим хусусида турмуш ўртоғимга айтмадим. Негадир уялдим. Чунки мутахассис менга биринчи консультациядан сўнг ҳеч қандай хулоса бермади. Бундай мавзуни хотин билан муҳокама қилиб бўларканми?

Бироқ охир-оқибат биз гаплашиб олдик. Аёлим бундай марказ очилишига ижобий қаради. Яширин ташрифимга эътибор ҳам бермади. Ўша ҳодисани эса ҳатто эслай ҳам олмади. Мана, аёлларнинг қалби қандай бўлади! Кечирувчан, унутувчан, биз эркакларникига ўхшамайди...

 

Киритилди: 05:12 12.05.2018. Ўқилди: 1869 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар