Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар билан касалланишнинг энг юқори кўрсаткичи 0-1 ёшдаги болалар ўртасида учрамоқда, деб хабар берди Санэпидқўмита матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Россия Федерацияси ва қўшни мамлакатларда ўткир респиратор инфекцияларнинг (ЎРИ) сезиларли мавсумий кўтарилиши фонида авиақатновлар, меҳнат миграцияси, хизмат сафарлари орқали касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи мавжуд.
Қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар бўйича эпидемик вазият мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Грипп ва ЎРИ вирусларининг айланишини аниқлаш мақсадида вирусологик тадқиқотлар ўтказилмоқда. Санепидқўмита тасарруфидаги 15 та вирусология лабораторияларида грипп ва гриппга ўхшаш касалликларни ташхислаш амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, ЎРИ касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан (кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан) 36,5 фоизга пастлиги кузатилмоқда.
«Ҳозирги вақтда республикада грипп ва ЎРИ бўйича эпидемик вазият барқарор ва Санэпидқўмита томонидан назоратга олинган», дейилади хабарда.
Билдирилишича, Ўзбекистонда касалланиш ёшма-ёш таҳлил қилинганда энг юқори кўрсаткич 0-1 ёшдаги болалар ўртасида учрайди.