Йиғилишда қурилиш ва инфратузилма соҳаларидаги вазифалар муҳокама қилинар экан, жорий йилда Хоразмда:
- 12 триллион сўмлик пудрат ишларини бажариш, қурилишда 20 минг нафар аҳолини банд қилиш;
- 7 минг хонадонли 200 та кўп қаватли уй қуриш;
- 1,5 минг километр йўл ва 20 та кўприкни реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
- 80 та автобус олиб келиб, 6 та янги йўналишни ишга тушириш мақсад қилиб олинди.
Вилоятдаги ичимлик суви тармоғининг 16 фоизи ва канализация тармоғининг 27 фоизи ярим аср олдин қурилгани боис, реконструкцияга муҳтожлиги кўрсатиб ўтилди. Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларининг канализация тизими янгиланиши керак.
Бу ишлар учун жорий йилда 1,1 триллион сўм ажратилиб, тез фурсатда Урганч, Хива, Питнак шаҳарлари ва Гурлан тумани марказидаги оқова сув тизимини реконструкция қилиш бошланади.
Мутасаддиларга йил якунигача 101 километр сув ва канализация тармоғи, 6 та сув иншооти қуриш, халқаро молия ташкилотларидан Хоразмнинг барча туманларидаги оқова тизимига яна 85 миллион доллар жалб қилиш топширилди.