Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

«Ўқишга жойлаб қўя­ман»: Самарқандда фирибгарлик фош бўлди

«Ўқишга жойлаб қўя­ман»: Самарқандда фирибгарлик фош бўлди

Шу кунларда олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун ниҳоятда ҳаяжонли дамлар кечмоқда. Ҳадемай етарли балл тўплаган билимли, иқтидорли, қобилиятли ёшларга омад кулиб боқади ва талабалик бахти насиб этади.

Лекин «ўқишга жойлаб қўя­ман» дегувчи, ўрни келганда фирибнинг минг бир усулини қўллашдан тоймайдиган кимсаларнинг ҳам борлигини унутмаслик керак.

Мамлакатимизда кейинги йилларда олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилди. Эндиликда ана шу мезонлар асосида талабалар кундузги ва сиртқи бўлимларга ўқишга қабул қилинмоқда.

Бу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июнда қабул қилинган «Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур ҳужжатда бакалавриат ва магистратура бос­қичига талабаларни қабул қилишнинг янги тартиблари белгилаб берилган.

Шунингдек, қарорда абитуриентларни тўлов-шартнома бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилишнинг тартибига ойдинлик киритилган. Абитуриентларни қизиқтирган барча саволларга ушбу ҳуқуқий ҳужжатда батафсил жавоб берилган, десак, янглишмаймиз.

Жабрланувчи Нафиса Шоимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) абитуриентларни тўлов-шартнома бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча ўқишга қабул қилиш тартибларини яхши биларди. Бироқ ўзгаларга ишонувчанлик одамга панд бераркан. У ана шу ишонувчанлиги ортидан фирибгарларга топган-тутганини қўшқўллаб топшириб, ҳам моддий, ҳам маънавий уқубатга дучор бўлди.

Н. Шоимова Оқдарё туманидаги мактабларда бир неча йил бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Маълумоти олий эмаслиги унинг бундан кейинги педагогик фаолиятига тўсқинлик қила бошлаган.

Яъни ўзи ишлаб турган 56-сонли умумтаълим мактаби директори томонидан Н. Шоимовага маълумотини олий қилмаса, келгусида ишдан бўшатишга мажбур бўлиши айтилган. Шу боис, Нафиса Самарқанд давлат университетининг сиртқи таълим бошланғич таълим йўналиши бўйича ўқишга кириш ния­тида эди.

Ўтган йилнинг июнь ойида у Самарқандга малака ошириш курсига ўқишга келган чоғида Тойлоқ туманида яшовчи бир киши билан танишиб қолади.

Ўша одам ўзини Бобораҳмат Усмоновман деб таништиради. Нафиса кейинчалик билса, Бобораҳматнинг фамилияси Усмонов эмас, балки Ирисқулов экан. Янги танишининг негадир бошқа фамилия айтганига ўшанда кўпам эътибор бермайди.

Кўчада дуч келган одамга ишонавериш оқибати яхшиликка олиб бормас экан. Бобораҳмат Ирисқулов деганлари 1966 йилда туғилган, маълумоти ўрта махсус, 1997 йилдан буён, яъни Нафиса билан танишгунига қадар олти марта судланган. Айни чоғда у «SHAHZODA ULUGBEK SERVIS» масъулияти чекланган жамиятида суд томонидан белгиланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётганди.

Ўша танишув чоғида Бобораҳмат Нафисадан «СамДУда ўқийсизми, ишлайсизми?» — деб сўрайди. Нафиса малака оширишга келгани, сиртқи таълимга ўқишга кириш учун ҳужжат тайёрлаётганини айт­ганда, Бобораҳмат «Ўқишга киришингизга ёрдам бераман», — дея ваъда беради.

Бироқ Н. Шоимова имтиҳонлардан ўтолмайди. Шундан сўнг у Б. Ирисқуловга қўн­ғироқ қилиб, омади келмаганини айтади. Шун­да Б. Ирисқулов «Супер-контракт йўли билан талабаликка қа­бул қилинишингиз мумкин. Мен имкониятлар қидириб кўраман», — дейди.

2019 йили август ойининг сўнг­ги кунларидан бирида Нафиса билан Бобораҳмат Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган вилоят кўп тармоқли шифохонаси олдида учрашишади. Суҳбат чоғида Нафиса сиртқи таълимда ўқиш учун контракт тўловини йигирма баравардан кўпроқ — 126 миллион сўм тўлаши зарурлиги, бунча пули йўқлигидан ёзғиради.

— Сиз 3 минг АҚШ доллари берсангиз, мен «SHAHZODA ULUGBEK SERVIS» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамидан 126 миллион сўмни ўқишингизга кўчириб бераман, — дейди Б. Ирисқулов гердайиб.

Бу гапни эшитиб, Нафисанинг юзи ёришади, ўқишга киришга умид нишонаси пайдо бўлади.

— Фирманинг қолган пулларини қандай қайтараман? — дея қи­зиқиш ва хавотир аралаш сў­райди у.

— Бунинг йўли осон, — дейди Бобораҳмат гапида яна дадилланиб. — Сиз берадиган 3 минг долларни 126 миллион сўмдан чегириб ташлаймиз. Кейинчалик қолган пулларни йил давомида фирмага бў­либ-бўлиб қайтарасиз, холос.

Хуллас, Нафиса бир ҳафта ичида 3 минг доллар билан университетнинг тўлов-шартнома варағини олиб келадиган, Бобораҳмат эса, ҳожат чиқарадиган бўлади.

Талаба бўлишдек ширин орзу-хаёллар оғушида уйига қайтган Н. Шоимова икки бош қорамолини бозорга чиқаради. Кейин эса, тилла тақинчоқларини сотади, жами 2 минг 200 доллар йиғади.

2019 йил 7 сентябрь куни соат ўн еттиларда Самарқанд шаҳар, Даҳбед кўчасида жойлашган «Банк коллежи» биноси олдида Б. Ирисқуловга шу маблағни беради. Сўнг 16 октябрь куни университет бухгалтериясига бориб, тў­лов-шартнома варақаларини олади, уларни ҳам Б. Ирисқуловга топширади.

Орадан йигирма беш кун ўтади ва 6 ноябрда улар шаҳарнинг университет хиёбонида учрашишади. Б. Ирисқулов Нафисага «SHAHZODA ULUG­BEK SER­VIS» масъулияти чекланган жамият томонидан тўлдирилиб, раҳбари С. Холёров имзоси қўйилган ва муҳр босилган тўлов-шартнома варағи ҳамда масъулияти чекланган жамиятидан 126 миллион 976 минг сўм кўчирилгани ҳақи­даги маълумотномани беради.

Тўлов-шартнома варағи ҳам­да маълумотномани олган Нафиса Бобораҳматга қайта-қайта миннатдорчилик билдиради ва уларни университет бухгалтериясига топширади.

Бухгалтериядагилар «пуллар тушсин, биз сизга қўнғироқ қи­ламиз», деб қўл телефони ра­қамини ёзиб олиб қолганди. Аммо орадан бир неча ҳафта ўтса-да, Нафисага қўнғироқ бўлмайди. Шундан сўнг унинг ўзи университет бухгалтериясига боради.

Нафиса топширган тўлов-шартнома бўйича университет ҳисоб рақамига бир сўм ҳам пул тушмаган экан. Бундан таажжубланган Н. Шоимова дарҳол Б. Ирисқуловга қўнғироқ қилади.

— Сиздан узр сўрайман, — афсус оҳангида жавоб қайтаради Б. Ирисқулов. — Битта рақам нотўғри ёзилган экан, шу сабаб пул тушмай қолди. Қайтадан яна шартнома варақаси олиб беринг, ишни тезда ҳал қиламан.

Н. Шоимова яна бошқа шарт­нома-тўлов варағи нусхасини олиб, Б. Ирисқуловга етказади. Бир неча кундан сўнг қўнғироқ қилиб, Бобораҳматдан «натижа нима бўлди?», — деб сўрайди. Бу гал Б. Ирисқулов «Банк ишламаяпти», деган жавоб билан қутулади.

Шу тариқа Б. Ирисқуловнинг баҳоналари кўпайгандан-кўпайиб бораётганди.

Нафисанинг ўқишига тўланиши лозим пулнинг эса, асло дараги йўқ эди.

Қайта-қайта қўнғироқ қилавериб, асаблари толиқиб кетган Нафиса бора-бора Бобораҳматга ишонмай қўяди. Фирибгар бўл­са керак, алдандим деб ўйлайди ва ички ишлар идорасига мурожаат қилади.

Мазкур жиноят ишини судда мазмунан кўриш жараёнида ҳақиқий ҳолат тўлиқ ойдинлашди.

Судланувчи Б. Ирисқулов Самарқанд давлат университетининг тўлов-шартнома асосида мутахассис тайёрлашга 2019 йил 16 октябрда тузилган 6343-сонли шартнома варағини олиб, унга ва 154-сонли тў­лов топшириқномасига гўёки Н. Шоимованинг ўқиши учун университет ҳисоб рақамига 126 миллион 976 минг сўм пул маблағлари кўчирилганлиги тўғрисида масъулияти чекланган жамиятнинг муҳрини босган.

МЧЖ директори С. Холиёровнинг имзосини қалбакилаштириб қўйган.

Сохталаштирилган ана шу тўлов-шартномаси ва тўлов топшириқномасини жабрланувчи Н. Шоимовага берган. Содда ва ишонувчан Н. Шоимова уларни университет бухгалтериясига топширган.

Судда судланувчи Б. Ирис­қуловнинг жиноят содир этишдаги ҳолатлари тўлиқ муҳокама қилинди. Жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқлаштирилди.

Жабрланувчига нисбатан етказилган зарар қопланмаган. Шу сабабдан Н. Шоимованинг судланувчига нисбатан даъвоси борлиги эътиборда тутилди.

Суд судланувчини жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин эмас, деган хулосага келди.

Судланувчи Б. Ирисқулов Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 228-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди.

Унга ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо белгиланиб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил беш йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Суд ҳукми билан судланувчи Б. Ирисқуловдан жабрланувчи Н. Шоимова фойдасига 22 миллион 332 минг 200 сўм пул ундириладиган бўлди.

Хулосага тўхталиш, ортиқча изоҳ беришга, назаримизда, ҳожат йўққа ўхшайди. Негаки, ўзгалар ҳисобидан кун кўришга уринувчи фирибгар кимсалар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам уларнинг бўлмаслигига ҳеч ким кафиллик беролмайди.

Биз баён этган жиноят ишидаги Н. Шоимова сингари алдов қурбонига алданмасликнинг ягона йўли бу — эҳтиёткорлик. Шундай эмасми?!

Киритилди: 12:59 16.09.2020. Ўқилди: 1847 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!