Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил парламенти томонидан БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) фаолиятини тугатувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганидан чуқур хавотир билдирди.
Гутерреш ёзма баёнотида, агар қонун кучга кирса, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ваколат берилган агентликнинг Шарқий Қуддус билан бирга босиб олинган Фаластин ҳудудларида ўз миссиясини бажара олмаслигини таъкидлади.
«UNRWA босиб олинган ҳудудлардаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатишнинг асосий усули бўлиб, унга муқобил йўқ. Бугун Исроил парламентида UNRWAга оид иккита қонун қабул қилинганидан қаттиқ хавотирдаман», деди Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, бу қонунларнинг амалга оширилиши фаластинлик қочқинлар учун даҳшатли оқибатларга олиб келади, бу эса қабул қилиб бўлмайди. Бош котиб Исроилни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди.
Гутерриш миллий қонунлар халқаро мажбуриятларни бекор қилмаслиги кераклигини таъкидлади. У янги қонун минтақани беқарорлаштириши ва Исроил-Фаластин можаросини янада кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
БМТ Бош котибининг айтишича, бу масала БМТ Бош Ассамблеяси муҳокамасига киритилади ва у мунтазам равишда вазиятнинг ривожланиши ҳақида хабардор қилинади.
Кеча Исроил парламенти UNRWAнинг Исроилдаги фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Ғазо секторига ҳужумлар бошланган 7 октабрдан бери Исроил ҳукумати ҳужумларда агентликнинг 14 ходими иштирок этганини даъво қилиб, UNRWAни обрўсизлантириш кампаниясини бошлади.
Исроил ишғол остидаги Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус, Ливан ва Иорданиядаги қочқинларга ёрдам кўрсатадиган, аксарияти фаластинлик бўлган 30 мингга яқин ходими бўлган агентликни ёпиш кампаниясини давом эттирмоқда.