Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўлимга енгилмаган Она ёхуд “Ўғлим сира бўлмайди уруш”

Ўлимга енгилмаган Она ёхуд “Ўғлим сира бўлмайди уруш”

Президентимиз Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки она эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зотдир. Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир. Бамисоли сабр-бардошдан яралган, уруш йилларида муқаддас Ватан тимсолига айланган бундай метин иродали оналар юртимизда кўплаб топилади”, деган эди. Қорақалпоғистонлик Нигархан Мамбеткаримованинг ҳаёт йўли, матонатли қалбини ҳам ана шундай ътироф этиш ўринли.  

Уруш минглаб инсонларни ота-онасидан, ёридан, фарзандидан айирган заҳри қотилдир. Бу уруш оқибатида кўплар азият чеккан бўлса-да, аммо фарзандидан айрилиб, нидо чеккан онанинг дардини эшитиш, ҳис қилиш ҳаммасидан оғир.

“Боламни ўлди, деманг... Ишонмайман!”

Орол денгизи айни сувга тўлиб, тирикчилик манбаига айланган йилларда вояга етган Нигархан қишлоқнинг сулув қизларидан эди. Ошиқлари кўп бўлгани учун қалин пулини кўпроқ бермоқчи бўлганлар бўлса-да, аммо Нигарханнинг отаси қизини Алламуратга узатди. Ёш оилани очарчилик йилларининг қийинчиликлари четлаб ўтмади. Бир-бирига елкадош бўлиб, икки ўғил, уч қизни тарбиялади. Фарзандларига курмакни майдалаб, қайнатиб берган кунлар ҳам бўлди.

1939 йил Алламурат Мўйноқда ишлаб юрганида, Орол денгизидан сув тошиши оқибатида ҳалок бўлди. Оила юки Нигарханнинг гарданига тушди. Қизи Сулувханни турмушга узатиб, ўғиллари Хожамурат ва Ауесни устага шогирдликка берди. Энди ҳаловат топдим, деганида совуқ уруш хабари келади, 1941 йил катта ўғли Хожамурат армия сафига чақирилиб, жанг майдонига кетади. 1942 йил 3 сентябрда эса фронтдан “Оддий аскар Хожамурат Алламуратов фашизмга қарши жангда мардонавар қатнашгани ва  Смоленск вилоятининг Карманов тумани, Твердунова қишлоғи яқинидаги ўрмонда вазифасини бажариш чоғида сафдошлари билан боғланиш имкони бўлмагани учун изсиз йўқолгани” бўйича хабар ва кўрсатган жасорат учун медаль келди. Онаизор бу хабарга ишонмади, “Болам, тошнинг орасидан ёриб чиқадиган азамат йигит”, деб унга ҳамдард бўлиб келганларни ортига қайтарарди. Аммо орадан уч кун ўтиб, кичик ўғли Ауесни ҳам фронтга олиб кетишади. Аёл икки қанотидан айрилган бургутдек азоб чекса-да, аммо дардини ичига ютади.

Нигархан овулнинг хотин-қизларига бош бўлиб, уларни матонатли бўлишга ундайди. Ўғлидан “қора хат” келган оналарга дардкаш, жигарпораси ўлим ўчоғида юрганларга эса суянчиқ бўлади. Унинг метиндек иродаси ҳақида “Орол балиқчиси” газетасида “Ўлимга енгилмаган Она!” сарлавҳали мақола чоп этилади. “Нигархан Мамбеткаримова нағыз қаҳраман ҳаял. Себеби ол еки баласы урыста екенлигине қарамай мийнет фронтинда жемисли хизмет етпекте. Қызы Сулухан болса фронтқа самолёт ҳам азық ауқат жибериу ушын, конилилерын топар дузип театрда хизмет қилмақта”, деб ёзилган газетада.

Аёл катта ўғлини йигирма беш йил кутади, шу оғриқли йиллар ичида у ўзидан ўтганини ўзи билди. Охири тақдирган тан бериб, 1967 йил Хожамурат Алламуратовга ёдгорлик ўрнатди.

“Эрназарнинг “урпағыман”

Ауес Алламуратов сафдошларига нисбатан анча матонатли ва жасур эди. У 1942 йил 2-Белоруссия фронти, 36-гвардия алоҳида 32-ўқчи дивизиясида разведка полкида ўқчи вазифасида хизмат қилади. У қисқа муддат ичида жасорат кўрсатиб, малакали ва ишончли разведкачилар сафига қўшилади ҳамда гвардия командирларининг назарига тушади. Урушда ҳарбий ҳаракатланишнинг ўз қоидалари бор. Қаҳрамонимиз душманнинг махсус объектларини кундузи ва кечқурун разведка қилишни бошлайди. Кундузи разведка ишларини олиб бориш бу ўлимга тик боқишдир.

Ўлимга енгилмаган Она ёхуд “Ўғлим сира бўлмайди уруш”

1943 йилнинг куз фаслидан Брянск полкида немис қўшинларига қарши жангни давом эттиради. Жанговар ҳаракатлари давомида ўқчи қўшинлари захираси ва душман қўшинларини олиб чиқиш ҳамда узоқ масофали ҳарбий ҳийлалардан фойдаланиш бўйича 73 марта миссияда қатнашади. Киши ҳеч қаерда қўлланилмаган ҳарбий ҳийла ишлатиш учун анча заковатли бўлиши керак. Ауес Алламуратов эса душман тарафнинг мудофаа чизиқларини шу қадар чапдастлик билан кесиб ўтар ва совуққонлик билан вазифани бажарарди. Сафдошларига “Қорақалпоқ халқининг мард ўғлони Эрназарнинг “урпағыман”, деб айтарди. Чиндан ҳам Ауес Эрназардек жасур, онаси Нигархан эса Қумар она сингари матонатли аёл эди.

1944 йил 5 апрель... Бу вақтга келиб, Ауес Белоруссия фронтининг энг олди разведкачилари сафида эди. Кундузи разведка жараёнида душман қўшинлари уларни зенит ўқлари билан кутиб олди. Жамоа ваҳимага тушмай, моҳирлик билан вазиятни қўлга олади. Душман анча тажрибали ва имконияти кўпроқ бўлса-да, аммо Ауес ва унинг сафдошлари улардан кўра эпчил эди. Алламуратов душман аскарларига тузоқ қўйишга эришади ва уларни чалғитади ҳам. Фашист қўшинининг энг катта махфий базаси ҳақида маълумот олади ва бу кейинги ғалаба учун пойдевор бўлиб хизмат қилди. Бу жангда кўрсатган жасорати учун у “Қизил Юлдуз” ордени билан тақдирланган.

Берлинни босиб олишга бўлган жанговар тайёргарликларда разведкачиларнинг иши кўпайди. 1945 йил 25 апрелда тўртинчи марта фашистлар пойтахтига қараб юриш қилинди. Вазифа ўта оғир. Совет армиясининг энг тажрибали командирларигина бу операцияга жалб қилинган. Гуруҳ аъзолари бу оддий топшириқ эмаслигини яхши билишарди. Алламуратов белгиланган манзилга етиб борди. Ауеснинг гуруҳи бошқалардан анча олдинда кетарди. Кутилмаганда фашист аскарлари пистирмадан ҳужумга ўтишди. Бу жангда у ўнг оёғидан яраланди ва Саратовдаги госпиталга тушади.

Ёруғ кунлар илинжи

Нигархан она кенжа ўғлини икки кўзи тўрт бўлиб кутарди. Ваниҳоят, Ауес Алламуратов 1947 йилгача армияда хизмат қилиб, сўнг бир шода орден ва  медаллар билан уйига қайтади. Ўғлининг биринчи гуруҳ ногирони бўлса да, аммо тириклигини кўриб суюнарди. Она ёруғ кунлар илинжида эди. Мана, Хожамуратдан бошқа барча фарзанди ёнида. Ауес уруш қаҳрамони, қизи Сулувхан эса Қарақалпоғистон халқ артисти, эл севган санъаткор эди.

Нигархан онани бежиз Қумар онага ўхшатмадим. Қумар она ёлғиз фарзанди Эрназар Хива хонига қарши курашгани учун қатл этилади, аммо жасоратига тан берган хон унинг узилган бошини олтин мешда дарвозага илиб қўяди. Буни кўрган Қумар она метиндек ирода билан “Болам ўлмаган, қаранг, унинг табаррук боши ҳурматга сазовар бўлганини! Хон эса яшириниб саройида димиқиб ўтирибди” деган гапи эл ичида тилдан-тилга кўчади...

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

Киритилди: 12:40 21.05.2020. Ўқилди: 4588 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!