Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ўлим шиддати ва ана шу пайтдаги тавба

Ўлим шиддати ва ана шу пайтдаги тавба

Ўлим олди алами шиддатидан маййитнинг овози чиқмай қолади. Зеро, ўлим азоби авжига чиққан бўлади. Азоб унинг қалби ва бутун танасида ғолиб бўлади. Тананинг ҳамма аъзолари заифлашади. Ёрдам сўрашга унда заррача қувват ва мажол йўқ. У инграш, додлаш, мадад сўраш билан бироз истироҳат этсам, деб орзу қилади. Руҳи барча томирларидан суғуриб олинади. Унинг ҳар бир аъзоси аста-секин ўла бошлайди. Бири­чи бўлиб икки оёғи, сўнгра икки болдири, сўнг икки сонининг совиши юз беради, руҳи (жони) ҳалқумга келади. Ана шу вақтда унинг дунё ва аҳли-аёлига назари сўнади. Унга тавба эшиклари беркилади. Зеро, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ يَقْبَلُ تَوْبَةَ الْعَبْدِ مَا لَمْ يُغَرْغِرْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وابْنُ مَاجَه وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

«Чиндан ҳам Аллоҳ банда тавбасини ғарғара келмасидан аввал қабул қилади» Имомлар БайҳақийИбн МожаТермизийАҳмад ривоят қилишган.

Ғарғара – руҳ ҳалқумга яқин келган вақтдир. Шунинг учун мўмин киши гуноҳларга тавба қилишга шошилмоғи, савобли ишларни кўпайтирмоғи керак. Зотан, киши бошига ўлим қачон келишини билмайди. У тўсатдан келиб қолиши мумкин.

Тавба луғатда «қайтиш» деган маънони англатади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари ҳақиқий тавба бўлиши учун унда учта шарт топилиши лозимлигини айтганлар:

  1. Қилган гуноҳ иши учун надомат чекиш.
  2. Мазкур гуноҳ ишни ташлаш.
  3. Бундай гуноҳни асло такрорламасликка азму қарор қилиш.

Жон ҳалқумга тақалган пайтда эса мазкур шартлар топилмайди. Чунки тавба қилувчи яна ўша гуноҳларни қилиши мумкинлигига кўзи етиб турган пайтда тавба келтириб, уларни бошқа содир этмасликка аҳд қилсагина, ҳақиқий азму қарор бўлади, акс ҳолда мажбурий ҳолат юз беради.

Уламолар жон узилаётгандаги иймон қабул эмас, деб бир овоздан айтганлар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

 «Бизнинг азобимизни кўрганларида иймонлари уларга манфаат бера олмас эди…» (Ғофир сураси, 85-оят). Яъни, Аллоҳнинг жорий этган суннати-қоидасига биноан, азобни кўрганидан кейин қилинган тавба, келтирилган иймон қабул этилмас.

Ривоят қилинишича, бандага вакил этилган икки фаришта унинг ўлими олдида ҳозир бўлади. Агар банда солиҳ бўлса, унга: «Аллоҳ таоло сенга яхши мукофот берсин!» – деб, мадҳ-сано айтишади. Агар банда бадбахт бўлса, икки вакил фаришта: «Аллоҳ таоло сенга яхши мукофот бермасин!» – дейди.

وَعنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَنْ أَحَبَّ لِقَاءَ اللهِ أَحَبَّ اللهُ لِقَاءَهُ وَمَنْ كَرِهَ لِقَاءَ اللهِ كَرِهَ اللهُ لِقَاءَهُ” فَقَالَتْ عَائِشَةُ أوْ بَعْضُ أَزْوَاجِهِ: إِنَّا لَنَكْرَهُ الْمَوْتَ قَالَ: “لَيْسَ ذَلِكَ وَلَكِنَّ الْمُؤْمِنَ إِذَا حَضَرَهُ الْمَوْتُ بُشِّرَ بِرِضْوَانِ اللهِ وَكَرَامَتِهِ فَلَيْسَ شَيْءٌ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِمَّا أَمَامَهُ فَأَحَبَّ لِقَاءَ اللهِ وَأَحَبَّ اللهُ لِقَاءَهُ وَإِنَّ الْكَافِرَ إِذَا حُضِرَ بُشِّرَ بِعَذَابِ اللهِ وَعُقُوبَتِهِ فَلَيْسَ شَيْءٌ أَكْرَهَ إِلَيْهِ مِمَّا أَمَامَهُ فَكَرِهَ لِقَاءَ اللهِ وَكَرِهَ اللهُ لِقَاءَهُ”

Убода ибн Собитдан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Ким Аллоҳга йўлиқишни хуш кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни хуш кўради. Ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради”. Имом Бухорий ривоятида зиёда қиладилар. Оиша онамиз ёки оналаримиздан бирлари: “Биз ўлимни хуш кўрмаймизку?!”, – дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Иш ундай эмас. ” Албатта, агар мўминга ўлим ҳозир бўлса, унга Аллоҳ таолонинг розилиги ва каромати билан башорат берилади. Унинг учун олдидаги нарса, яъни ўлимдан ҳам севимлироқ нарса бўлмайди. У Аллоҳга йўлиқишни хуш кўради, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни хуш кўради. Аммо кофирга ўлим ҳозир бўлганда, Аллоҳнинг азоби ва уқубати билан “хушхабар” берилади. Унга олдида турган нарсадан кўра ёқимсизроқ нарса бўлмайди. У Аллоҳ­га йўлиқишни хуш кўрмайди, Аллоҳ ҳам унга йўли­қишни хуш кўрмайди» Муттафақун алайҳ.

Тўсатдан бўладиган ўлим. Киши қай ҳолатда вафот этган бўлса, қиёматда шу ҳолатда тирилтирилади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُبْعَثُ كُلُّ عَبْدٍ عَلَي مَا مَاتَ عَلَيْهِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:

«Ҳар бир банда вафот этган ҳолида тирилади» Имом Муслим ривояти.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам киши васият қолдиришига ва тавба қилиб олишига фурсат бўлмай­диган тўсатдан келадиган ўлимдан паноҳ сўраганлар.

Юқоридаги маълумотлардан ўлим касалига чалинган кишига қуйидаги нарсалар лозим экани келиб чиқади:

  1. Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиши, У зотга нолойиқ гумонларда бўлмаслиги.
  2. У Аллоҳнинг ҳақир махлуқоти эканини ҳамда Аллоҳ унинг тоат-ибодатларидан беҳожат эканини доимо ёдда тутиши.
  3. Зикрларни кўпайтириши.
  4. Зиммасидаги ҳақларини адо қилишга шошилиши: каффорат, қилган назрлари, олди-бердилари кабилар.
  5. Касаллик машаққатига сабр қилмоғи.
  6. Ўзидаги нопокликларни кетказмоғи.
  7. Умрининг охирини гўзал ҳолда ўтказишга уринмоғи.

Manba: hidoyat.uz

Киритилди: 07:45 09.11.2019. Ўқилди: 9346 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!