Дмитрий Песковнинг айтишича, “Буревестник” ракетаси синовларида Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни “таранглаштириши” мумкин бўлган ҳеч нарса йўқ, айниқса, бу муносабатлар энг заиф даражада эканлиги ҳисобга олинса.
Унинг сўзларига кўра, Россия изчил равишда “ўз хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланмоқда”, шу сабабли “Буревестник” каби янги қурол тизимлари ишлаб чиқилмоқда.
"Мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳаётий муҳим масала, айниқса биз асосан европаликларда кўраётган ҳарбий кайфият фонида. Европаликлар ички жазава ҳолатида – русофобия, тажовузкорлик ва урушқоқлик билан тўла. Бундай шароитда Россия ўз хавфсизлигини ишончли тарзда таъминлай олиши учун барча чораларни кўриши керак", – дея Песковнинг сўзларини келтиради ТАСС.
Маълумот учун, “Буревестник” ракетаси ердан учириладиган, паст баландликда учувчи қанотли ракета бўлиб, у нафақат ядро каллагини ташиш имкониятига эга, балки унинг ўзи ҳам ядро энергияси билан ишлайди.
2018 йил март ойида лойиҳани илк бор ошкор қилган Путин, бу ракета чексиз масофага уча олишини ва АҚШ ракета мудофаасидан ўта олишини таъкидлаган. Бироқ, айрим Ғарб мутахассислари унинг стратегик аҳамиятига шубҳа билдирмоқда, чунки у Москвага янги имкониятлар бермайди ва парвоз йўлида радиация тарқатиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимов Путинга маълум қилишича, 21 октябрдаги синовда ракета 14 минг километр масофани босиб ўтган ва тахминан 15 соат ҳавода бўлган. Унинг айтишича, ракета ядро энергиясида ҳаракатланади, ҳар қандай ракета мудофаасини енгиб ўтиши мумкин ва чексиз узоқликка уча олади.