Украинанинг Тернопол вилоятига Россия томонидан қилинган ҳужум оқибатида 20 киши ҳалок бўлди, камида 64 одам жароҳат олди.
Бу ҳақда Украина ички ишлар вазири Игор Клименко маълум қилди.
"Россия ракеталари иккита тўққиз қаватли уйга урилди. Уйлардан бирида ёнғин чиқди, иккинчи уйнинг учинчи қаватдан тўққизинчи қаватгача бўлган қисми вайрона бўлди", — дея қўшимча қилди вазир.
Шунингдек, Лвов ва Ивано-Франковск вилоятлари ҳам кучли ҳужумларга дучор бўлди. Ивано-Франковск вилоятида уч киши жароҳатланди, улар орасида икки бола ҳам бор. Лвов вилоятида умумий майдони 10 минг квадрат метрдан ошадиган омборхоналар ёниб кетди.
Украина президенти Володимир Зеленскийга кўра, Россия бир кечада Украина ҳудудига 470 та зарба берувчи дрон ва 48 та турли хил ракеталар билан ҳужум уюштирган. Унинг қўшимча қилишича, Киев, Николаев, Черкассий, Чернигов, Днепр, Донецк ва Харков вилоятлари ҳам зарбалар остида қолган.