Бугун 4 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Украинага қарши урушга борган 20 ёшли ўзбекистонликка 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Украинага қарши урушга борган 20 ёшли ўзбекистонликка 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Россия қўшинлари таркибида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган 20 ёшли Ўзбекистон фуқаросига 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд материалида қайд этилишича, судланувчи И.Ж. 2024 йилнинг 23 февраль куни “Тошкент-Санкт-Петербург” йўналишидаги авиарейс орқали Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига мавсумий ишлаш мақсадида бориб, 2024 йилнинг 12 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йил давомида ҳар ойда 195 минг рубль миқдорида ойлик маош олиш эвазига муддатли ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида шартнома имзолаб, Россия тарафини олиб, Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишга розилик билдирган.

24 июнь куни Луганск вилоятидаги 31985-сонли ҳарбий қисм полигонига бориб, 14 кунлик ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, икки ҳафта давомида шу ҳарбий қисмда бўлган. Шу вақт оралиғида у ҳарбий дрон портлаши оқибатида ўнг оёғидан ярадор бўлиб, 4 август куни Белгород шаҳридаги ҳарбий госпиталга бориб, 13 кун даволаниб, 17 август куни яна Луганск вилоятидаги ҳарбий қисмга қайтган.

Судланувчи ҳарбий госпиталда даволаниши давомида ҳарбий қисм командиридан қўшимча даволаниш учун 15 кун муддатга таътил беришини сўраган, аммо ушбу мурожаатига рад жавобини олгач, 5 сентябрь куни ҳарбий қисмдан қочиб, 1 октябрь куни “Москва-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистонга қайтиб келган ва ихтиёрий равишда ўзини ДХХга топширган.

Жорий йилнинг 28 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилди. Суд ҳукмига асосан И.Ж. Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилди ва унга 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Киритилди: 19:01 26.05.2025. Ўқилди: 857 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!